Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш мақсадида 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Сафар дастуридаги биринчи манзил Пахтакор туманидаги «Пахтакор элита уруғчилиги» фермер хўжалиги бўлди. Хўжалик майдони 100 гектар бўлиб, шундан 80 гектарида пахта ва ғалла, қолган қисмида соя, саримсоқпиёз, беда экилган.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили октябрда Сирдарё вилоятида бўлганида дала четларидаги ерлардан самарали фойдаланиш, фермер ва ишчиларга қулайлик яратиш учун дала уйлари қуриш зарурлигини айтган эди. Бунинг ижроси ва самараси мазкур фермер хўжалигида намоён. Дала четига тут, узум, полиз ва дуккакли маҳсулотлар экилган, асалари уялари қўйилган. Енгил конструкциялардан дала уйи қурилган, унинг томида қуёш панеллари ўрнатилган.

Президентимиз ушбу уйни кириб кўрди, фермер оиласи билан суҳбатлашди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва пахта-тўқимачлик кластерлари раҳбарлари билан мулоқотда ҳосилдорликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Биз нимага бойлигимиз бўлган ерни кластерларга бердик? Халққа нафи тегиши учун. Энди кластерлар ислоҳотларга муносиб бўлиб, давлат сиёсатини амалга ошириши керак. Қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, корхоналар очиш ва касаначилик орқали ўз ҳудудида ишсизликни камайтириши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумки, юртимизда ишсиз фуқароларга деҳқончилик учун ерлар ажратилмоқда. Жиззах вилоятида бу орқали 13 мингдан зиёд ёшларнинг бандлигини таъминлаш мўлжалланган.

– Бир пайтлар 1 гектар ерни халққа бериш мумкин эмасди. Ҳозир 200 минг гектар ажратдик. Нима учун? Одамларга даромад манбаи бўлиши учун. Энди «қарсак икки қўлдан чиқиши» керак, – деди давлат раҳбари.

Фермерларнинг манфаатдорлигини таъминлаш, маҳаллаларнинг «ўсиш нуқталари»ни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берилди.