Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилганидан хабарингиз бор.

Лойиҳада келтирилишича, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб мактабгача таълим қамровини кенгайтириш мақсадида янги давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини кўп квартирали уйларнинг нотурар қаватларида ёки якка тартибда қурилган уй-жойларни сотиб олиш ва кейинчалик уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш орқали ташкил этишга рухсат этилади.

Бунинг натижасида, мактабгача таълим муассасаларини ташкил этишда бино ва иншоотлар танқислигини бартараф этиш имкони яратилади. Масалан, битта 150 ўринли давлат боғчасини қуриш учун ўртача 6 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Бундан ташқари, янги боғчани қуриш учун ер масаласи оғирлигича қолмоқда. Шу билан бирга, битта 3 хонали квартирада 25 нафар бола учун боғча ташкил қилиш мумкин. 150 нафар бола учун 6 та квартирани харид қилиш ва жиҳозлашга ўртача 4 миллиард сўм талаб этилади.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида ижарага берилган ер участкасида нодавлат мактабгача таълим ташкилоти биносини қурган хусусий шерикка ушбу бинони мазкур лойиҳа учун банк кредитлари бўйича гаровга қўйишга оид чекловлар бекор қилинади.

Натижада, мактабгача таълим билан қамровни оширишда хизмат қилаётган ва зарур молиявий ресурсларга муҳтож бўлган 594 та тадбиркорга қўшимча имконият яратилади.

Маълумот учун, мазкур фармон юзасидан жамоатчилик муҳокамалари жорий йил 17 февралга қадар давом этади.

ЎзА