Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан нашр этилган “Муносиб яшамоқ бахти” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Китоб I-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Мардиевнинг мазмунли ҳаёти ва серқирра фаолияти тўғрисида ҳикоя қилади.

Унда машҳур ҳуқуқшуноснинг мамлакатимиз юриспруденцияси тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси ноёб архив ма¬териаллари ва  далиллар асосида очиб берилган.

Давлатимиз раҳбари жуда кўп бора таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда амалга оширалаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ, УНИ ЭЪЗОЗЛАШдир.

Шу нуқтаи назардан Судьялар олий кенгашининг мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ҳаёти ва фаолияти, турмуш тарзи бошқалар учун ибрат мактаби бўлган,  ҳуқуқшунослик соҳаси дарғалари, улуғ устозлар ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар нашр этиб келаётгани алоҳида таъкидга лойиқ.

Бундан кўзланган эзгу мақсад, маърифат ва маънавият элчилари бўлмиш китоблар орқали бўлажак ҳуқуқшуносларни тарбиялаш,  судьялар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини касбига садоқатли инсонлар бўлиб шаклланишига ҳисса қўшишдир. Чунки, ўз соҳаси етуклари ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишиш, уларнинг тажрибаларидан бохабар бўлиш соҳада фаолият юритаётганлар учун катта мактаб бўлиши, табиий. Шубҳасиз, энг яхши мураббий китобдир.

Тадбирда мамлакатимиз ҳуқуқшунослик соҳасининг ривожига катта ҳисса қўшган таниқли ҳуқуқшунослар,  суд тизими фахрийлари,  давлат ва жамоат арбоблари иштирок этиб, китоб қаҳрамониниг ибратли ҳаёти ва китобнинг маънавий-маърифий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

 

ЎзА