Нукусдаги воқеаларда айбланган Пўлат Шамшетов ўлими сабаблари Мустақил комиссия аъзолари томонидан ўрганилади.

Нукус шаҳридаги оммавий  тартибсизликларни содир этганликда айбланган шахслардан бири Пўлат Шамшетов тергов ҳибсхонасида юрак хуружидан вафот этгани ҳолати Мустақил комиссия аъзолари томонидан ўрганилади.

Комиссия аъзолари жорий йилнинг 6 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганиб, марҳум билан битта камерада бўлган  шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.

Ўрганиш натижалари ҳақида жамоатчилик хабардор қилинади. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг собиқ бўлим бошлиғи, марҳум Пўлат Шамшетов одамларни оммавий тартибсизликларга чақиргани ва ўзи ҳам намойишларда фаол иштирок этгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири