Президентнинг жорий йил 31 январдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ деҳқон ҳўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Ҳоким ёрдамчиларининг тавсияномаси асосида ажратиладиган кредитлар миқдори 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади. Бунда, ташаббускор лойиҳада камида ўттиз фоиз улуш билан иштирок этиши лозим.

Илгари олган кредитларидан самарали фойдаланиб, тадбиркорлигини йўлга қўйган ва кредитни ўз вақтида амалга оширган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятини кенгайтириши учун кредитлардан такроран фойдаланишга рухсат этилади.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.

Ажратилган кредитларни ўз муддатида қайтармаганларга дастурлар доирасида янги кредитлар берилишига йўл қўйилмайди.

 

ЎзА