Маълумотларга кўра, машҳурлик борасида кун чиқар юрт фирмалари дунё миқёсида етакчи экан. Тадқиқот натижасига кўра, японларнинг тўқсон фоизи иш фаолиятини бир компания билан боғлайди, бутун умр бир жойда ишлайди. Натижада ходим йиллар давомида касбининг устасига, етук мутахассисга айланади. Бу нафақат шахснинг юксалиши, балки корхона маҳсулоти сифати ошишига ҳам замин яратади.

Ходимнинг бир корхонада самарали меҳнат қилишини таъминлаш, инсон учун қулай муҳит яратиш, ташкилотни юксак марраларга олиб чиқиш кўп жиҳатдан корхона ва ташкилотлардаги бошқарув тизимига, раҳбар кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Бугунги глобаллашув жараёнида етук кадрларга бутун дунё бўйлаб талаб ортиб бормоқда.

Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро Бошқарув форумида шулар ҳақида сўз борди.

Пойтахтимизда иккинчи бор ўтказилган тадбирда юздан ортиқ маҳаллий ва хорижий компания вакиллари ва раҳбарлари, шунингдек, Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Форум кун тартибидан ходимларни бошқариш, корпоратив маданият ва етакчиликни ривожлантириш масалалари ўрин олди.

Анжуман доирасида ходимларнинг ўз меҳнати натижасидан қониқиши билан боғлиқ жиҳатлар муҳокама қилинди. “Бахтли компаниялар: фаолиятнинг ўзига хослиги нимада?” мавзусида ташкил этилган муҳокамада таниқли олимлар, амалиётчи экспертлар маъруза қилиб, ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Раҳбар жамоадошлари учун ўз яқинлари билан ишлаётган, уларга ғамхўрлик қилиб, тўғри йўл кўрсатаётган кишидир, – дейди Россиянинг “BIZTRAIN” компанияси бош директори Юлия Парзоменко. – Бизнинг компания ташкилотларга бошқарув гуруҳларини жалб қилиш билан шуғулланади.  Бошқарув соҳасида ўз режамизни ишлаб чиққанмиз. Россия ва Ўзбекистондаги бошқарув академиялари билан ҳамкорлик қиламиз. Бугунги форум ўзини такомиллаштириш, юксалишни истаган раҳбар кадрларни бирлаштирди. Умуман, айни йўналишда натижа, ютуқ ва камчиликлар билан ўртоқлашиш, тажриба алмашиш жуда муҳим.

Тадбир давомида девелоперлар, банк, телекоммуникация ва фармацевтика соҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган халқаро танлов ғолиблари тақдирланди. Энг юқори “Ишдаги бахт индекси” тўплаганлар делегатлар эътиборига ўз тажрибаси ва амалиётини ҳавола этди.

Қайд этиш керак, 12 мезонга асосланган баҳо асосида сараланган танлов ғолибларининг инклюзивлик ва гендер мувозанат устуворлиги эътиборга олиниб, ташкилот фаолиятини комплекс таҳлил қилиш, ўсиш ва ривожланиш манзилини аниқлаш имконини берувчи саволнома ишлаб чиқилган.

Форум иштирокчилари учун профессионал бизнес-мураббийлар ва амалиётчилар томонидан ўтказилган 14 хил маҳорат сабоғи ҳам ташкил этилди.

– Ташкилот ёки компаниянинг танилиши, юксалиши, юқори натижаларга эришиши кўп жиҳатдан раҳбарга боғлиқ, – деди “Ишдаги бахт!” халқаро танлови ҳайъати раиси Темур Ёдгоров.–  Қачонки, бошқарувчи ишини яхши кўрса, фаолиятидан мамнунлик ҳас этса ва шу жиҳати билан жамоадошларига ўрнак бўла олсагина, ушбу ташкилот юксалиб, ривожланади. Бугунги тадбир доирасида етук мутахассислар иштирокида кечган мунозаралар ҳамма учун манфаатли бўлди. Замонавий жамиятда раҳбар кадрлар салоҳиятини ошириш, уларнинг, айниқса, маданият даражасини юксалтириш долзарб масала. Шу маънода мазкур анжуман ходимлар, фуқаролар билан ишлаш, муносабатга киришиш, иш юритиш кўникмасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.


Гўзал Сатторова,

Даврон Эрназаров (сурат),

ЎзА