ФОТОРЕПОРТАЖ

Нукус шаҳрида ёшларнинг муаммолари, таклиф ва истакларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этиш борасида ўтган 2022 йил давомида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Энг аввало, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган “Нукус шаҳар тажрибаси” яратилди.

Ёшлар етакчилари билан биргаликда ҳудуддаги 64 та маҳаллада уйма-уй хатлов ишлари амалга оширилиб, 14-30 ёшдаги 74 минг 683 нафар ёшнинг рўйхати тўлиқ шакллантирилди. Ушбу ёшлар орасидан ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқаролар 19 та кўмак тури бўйича “Ёшлар дафтари” электрон платформасига киритилди.

Шаҳар ҳудудида жойлашган “Оқ жағис” маҳалла фуқаролар йиғинида 6 минг 145 нафар аҳоли яшайди. Улардан 1 минг 232 нафари ёшларни ташкил этади. Маҳалладаги ёрдамга муҳтож ёшларга зарур ёрдам кўрсатиш доимий эътиборда.

– Ўтган 2022 йилда ҳудудимиздаги 28 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшга бир марталик ёрдам пули, 40 нафар ўқувчини мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлашга, 60 нафар талабанинг шартнома тўловини тўлаш, 59 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш учун меҳнат қуроллари ажратиш, 33 нафар ёшнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизмати бадалини тўлиқ қоплаш, 4 нафар ёшни ҳайдовчилик курсида ўқитишга субсидия маблағлари ажратилди, – дейди маҳалланинг ёшлар етакчиси Бекпўлат Хўжаниёзов. – Шу билан бирга, 2 нафар ёшга тиббиёт муассасаларида даволаниши учун моддий ёрдам кўрсатилди ва 8 нафар ёшнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун банк томонидан 33 миллионгача бўлган имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Шунингдек, маҳаллада ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт машғулотларига жалб этиш мақсадида иккита мини футбол ва учта стритворкаут майдончалари ташкил этилган.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА