Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн (Германия)даги Бош консули Олимжон Абдуллаев Мюнхен шаҳрида жадидларнинг ислоҳотчилик ҳаракати ва конституциявий ғоялари бўйича таниқли тадқиқотчи, профессор Темур Хўжа билан учрашди.

Туркийшунос олим, Туркистон ва Марказий Осиё тарихи, маданиятига оид қатор мақола, маъруза, монография ва китоблар муаллифи Темур Хўжа жадид ҳаракати ва мероси бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган йирик олим ҳисобланади. У жадидчилик ҳаракатининг атоқли намояндаси, Бухоро ислоҳотчилик мактаблари асосчиси Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг авлоди.

Учрашув «Yuzuk e.v.» Германия-Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари кўмагида ёшларга таълим-тарбия бериш, уларни ўтмишимиз, маданиятимиз ва адабиётимиз тарихи билан таништириш мақсадида ташкил этилди.

Суҳбат чоғида Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили муносабати билан ХХ аср бошларида яшаб ўтган туркистонлик буюк мутафаккирлар, жумладан, миллий истиқлол курашчилари меросини авайлаб асраш ва ўрганиш бўича юртимизда амалга оширилаётган маърифий ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Мамлакатимиз мустақиллиги, халқ озодлиги, келажак авлоднинг озод ва фаровон ҳаётини таъминлашга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум жадид ҳаракати намояндалари давлатимиз раҳбари фармонига биноан «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани таъкидланди.

Темур Хўжа Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, мамлакатимиз таълим ва ёшлар сиёсатини юқори баҳолади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ватанпарвар аждодларимиз – жадидларнинг муборак хотираси, озодлик йўлидаги фидокорона хизмати, миллий таълим ва тарбия тизимини шакллантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси тўғрисидаги фикрларидан чуқур таъсирланганини изҳор этди. Бундан ташқари олим Бухорода отаси Усмонхўжа Пўлатхўжаев хотирасига бағишлаб ташкил қилинадиган жадидлар уй-музейига Туркистон ва Марказий Осиё тарихига оид 16 мингдан зиёд асар топшириш ниятида эканини маълум қилди.

Учрашув якунида кўп қиррали ҳамкорликка тайёрлигини билдириб, таниқли илм-фан намояндаларининг бебаҳо тажрибаси, билимини авлодларга етказиш, ёшларни буюк мутафаккирларимиз мероси билан мунтазам таништириб боришга, республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўғил-қизларимизнинг ижодий, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган имкониятлар билан таништириш мақсадида Германияда бўлиб турган ўзбекистонлик йигит-қизлар билан мунтазам учрашувлар ўтказишга келишиб олинди.

 

ЎзА