Самарқанд вилояти Қўшрабод туман «Зармитан» МФЙда яшовчи фуқаро С.Н. хонадонида уйда қўлбола усулда тайёрланган бодринг консервасини истеъмол қилиш натижасида овқатдан заҳарланиш (ботулизм) ҳолати содир бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қуйидагиларни маълум қилади.

2023 йилнинг 6 январь куни соат 15:30 атрофида Қўшработ туман «Зармитан» МФЙ, Зармитан қишлоғида яшовчи 1971 йилда туғилган фуқаро Н.С. хонадонида яшовчи оила аъзоларидан, турмуш ўртоғи 1972 йил туғилган бемор Ф.С., шунингдек, 3 нафар фарзанди 1996 йилда тўғилган Д.Э., 1998 йил туғилган Ш.Э. ва 2008 йилда туғилган Б.Э. туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлимига овқатдан заҳарланиш-ботулизмга гумон ташхиси билан ётқизилган.

Қўшработ туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари томонидан беморларнинг отаси Н.С.дан сўраб-суриштирилганда 2023 йил 5 январь куни соат 17:30-18:00 атрофида оила аъзолари  гўштли тўғрама шўрва билан уйда қўлбола усулда тайёрлаган помидор-бодринг тузламасини истеъмол қилганлиги аниқланган.

Беморлар Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан кўздан кечирилганда ботулизмга хос клиник белгилар кузатилган ҳамда “овқатдан заҳарланиш ботулизм” ташхиси қуйилган. Беморларда нафас олишдаги патологик ўзгаришлар бўлганлиги сабабли сунъий нафас олиш аппаратига уланиб, шифокорлар томонидан зарур тиббий муолажалар олиб борилган.

2023 йил 14 январь куни соат 8:30да 1998 йил туғилган Ш.Э. кўрсатилган реанимацион ёрдамга қарамасдан ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги натижасида “Овқатдан заҳарланиш ботулизм бульвар синдроми” ташхиси билан шифохонада вафот этган. 26 январь куни соат 21:30да 1996 йилда туғилган Д.Э. кўрсатилган реанимацион ёрдамга қарамасдан ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги натижасида “Овқатдан заҳарланиш ботулизм бульвар синдроми” асорати ташхиси билан вафот этган.

2008 йилда туғилган Б.Э.нинг аҳволи яхшилангани учун 17 январь куни реанимация бўлимидан юқумли касалликлар бўлимига ўтказилган. Бемор Ф.С.нинг аҳволи яхшиланиб, ботулизимга хос клиник белгилари қолмаган. Шифохонадаги беморларга специфик, симптоматик ва дезинтоксикацион даво муолажалари давом эттирилмоқда. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлимида даволанаётган 1971 йилда туғилган фуқаро Н.С.нинг ботулизимга хос клиник белгилари қолмагани ҳамда аҳволи яхшилангани сабабли 23 январь куни қониқарли аҳволда уйига жавоб берилган.

Ушбу ҳолат бўйича касаллик қайд этилган хонадондан олинган уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламаси ҳамда беморлардан олинган биоматериаллар вилоят Самарқанд вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг бактериология лабораториясида таҳлилдан ўтказилганда уй шароитида тайёрланган помидор-бодринг тузламаси ва беморлар қусуқ массасидан “ботулизм” қўзғатувчиси аниқланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси фуқаролардан уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида ботулизм касаллиги содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Шу сабабли қўлбола усулда тайёрланган ва сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилмасликни сўрайди!

ЎзА