Андижон вилояти мамлакатимиздаги ҳудуди жиҳатидан энг кичик, аҳолиси эса энг зич яшайдиган вилоят ҳисобланади. Вилоят республика ҳудудининг 1 фоизини, аҳолиси эса қарийб 10 фоизини ташкил этади. Шу боис ҳам вилоятда ернинг ҳар бир қарич майдонидан унумли ва оқилона фойдаланиш талаб этилади.

Президентимиз Андижон вилоятига аввалги ташрифи чоғида ана шу жиҳатни ҳисобга олиб, қолаверса, экин майдонларини камайтирмаслик мақсадида вилоятнинг адир зоналарида кўп қаватли уйлар қуриш ва шу орқали тобора ўсиб бораётган аҳолини арзон, замонавий уй-жойлар билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан вилоятда аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Андижон тумани адирликларида 440 минг нафарга яқин аҳоли яшаши мумкин бўлган “Янги Андижон” шаҳрини барпо этишга киришилди.

Умумий майдони 4 минг гектарни ташкил этадиган шаҳарнинг 1 минг 144 гектар майдонида турар-жойлар қад ростлайди. Шунингдек, 215 гектар майдонда савдо, 240 гектарда хизмат кўрсатиш, 76 гектарда саноат, 1 минг 942 гектар майдонда яшил ҳудудлар ташкил этилади. Бундан ташқари, 364 гектар майдон йўллар ва бошқа инфраструктура объектларидан иборат бўлади. “Янги Андижон” лойиҳаси 8 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда барпо этиши режалаштирилган 3 минг 310 хонадонли 70 та кўп қаватли уй-жой, 1 минг 680 ўринли мактаб, 385 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 200 қатновли поликлиника, трикотаж корхонаси, ипотека маркази қурилди, 3 мингдан зиёд савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилиши якунига етмоқда. Шунингдек, ҳудудни тоза ичимлик сув, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Янги Андижон шаҳрига олиб борувчи ҳамда ички йўллар барпо этилди, яшил майдонлар, умуман, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди.


Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА