Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида мамлакатимиз ҳаётига дахлдор муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Хусусан, «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги, «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда бошқа қонун лойиҳалари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди.

“Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинар экан, мазкур лойиҳа йўл ҳаракатини ташкил этиш жараёнидаги муносабатларни тартибга солиш ва хавфсиз йўл ҳаракатини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Қонун лойиҳаси билан энг аввало, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича фаолиятни тизимли йўлга қўйиш белгиланмоқда.

Давлат бюджетидан йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағларнинг самарали сарфланишини тартибга солиш механизмлари ва йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги махсус ваколатга эга бўлган ҳамда бу жараёнда иштирок этувчи давлат идоралари алоҳида қайд этилмоқда.

Бундан ташқари, ҳайдовчиликка номзодлар ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни ҳар 5 йилда бир маротаба тиббий кўрикдан ўтиш тартиби ҳамда ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлишга тўсқинлик қилувчи 7 та йўналишдаги касалликлар рўйхати тасдиқланиши назарда тутилмоқда. Ушбу белгиланган талабларни бажармаганлик учун эса маъмурий жазо қўлланилмоқда.

М.Комилова, ЎзА