Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизматининг ёзишича, пойтахтимизнинг Миробод туманидаги «Мовароуннаҳр» маҳалласи аҳолисига ўзларини СЭС ходими дея таништириб, турли ҳашаротларга қарши дориларни пуллаётган шахслар пайдо бўлгани айтилмоқда ва улар фирибгарлик йўли билан келиб чиқиши номаълум бўлган дориларни сотмоқда.

«Сохта СЭС ходимлари» Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар Дезинфекция станцияси ва туман ҳудудий бўлимларида фаолият юритмаслигини маълум қиламиз», дейилади Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот хизмати хабарида.

Бу каби ҳолатга дуч келсангиз, аввало зарарсизлантирувчи восита сотаётган фуқаролардан хизмат гувоҳномаси, қайси ташкилот ёки бошқармада фаолият юритиши, зарарсизлантирувчи восита сотиши ва сотиб олишингизга асос сўрашга ҳақли эканлигингиз эслатиб ўтилади.

Шунингдек, фуқаролардан юқоридаги важ асосида бирор шахс мурожаат қилса, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг 78 8880101 (050) Ишонч телефони, Тошкент шаҳар бошқармасининг 71 248-12-43 телефон рақами ёки Тошкент шаҳар ИИБ ва ҳудудий бўлимларига зудлик билан хабар беришингиз сўралади.

ЎзА