Мамлакатимиз ҳудудларида юзага келиши мумкин бўлган сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

“Ўзгидромет”нинг маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача ва кечалари +3 даражагача кўтарилади. Ҳатто, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 2-7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.

Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши – қор ва музлар эришини тезлатиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимолини янада кучайтиради.

Йиғилишда мавжуд ҳолат ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиниб, юзага келишим мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 18 ноябрдаги қарорига асосан Тошқинга қарши Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар тузилган ва уларнинг асосий вазифасилари белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасида ўтган йиғилиш баёни билан ушбу Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларига бириктирилди.

 

ЎзА