Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Раҳмонов Халқаро Нордик университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шерзод Мустафоқулов ва университетнинг Молия ишлари бўйича проректори Нуриддин Муродуллаев билан учрашди.

Маълумки, 2022 йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Финландиянинг таълим соҳасидаги илғор ютуқларига асосланган Халқаро Нордик университети (“Nordic International University”) нодавлат таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлаган эди.

Учрашувда университет ректори Ш.Мустафоқулов олий таълим муассасасида талабалар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, университетда 8 та таълим йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланиб, инглиз, рус тилларидан ташқари фин тили мукаммал ўргатилади. Барча курслар бўйича таълим йўналишидан қатъи назар, ёзги таътилда танлов асосида Финландия, Швеция, Норвегия ва Дания каби давлатларда иш ва саёҳат (workandtravel) дастурларида қатнашиш имконияти берилади. Шунингдек, талабалар 2+2, 3+1 қўшма дастурлари асосида иккинчи курсдан кейин ўқишни Финландия университетларида давом эттириб, икки томонлама (doubledegree) диплом олишлари мумкин. Халқаро ҳамкорлар кўмагида хорижда стажировка, иш ўрганиш, мастер-класс, стартапларни ривожлантириш, келажакда хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашилади.

Бакалавриат босқичини муваффақиятли (юқори GPA кўрсаткичи билан) тугатганлар учун магистратурани Финландияда имтиёз асосида ўқиб келиш имкониятлари берилади.

Учрашувда Зарафшон шаҳрида 2023 йилнинг сентабрь ойига қадар соҳалар кесимида ушбу университет филиалини очиш ҳақида келишиб олинди.


А.Бўриев, ЎзА