Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев ва вазирликнинг бошқарма бошлиқлари ҳамда АҚШ Меҳнат вазирлиги Одам савдоси, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Маргарет Юнгк, бошқарманинг халқаро алоқалар бўйича масъул ходими Сара Соломон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда юртимизда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган ишлар, соҳани ривожлантириш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари, пахта етиштиришда кластер тизими, пахта экин майдонларида қишлоқ хўжалиги техника ва технологияларидан фойдаланиш, агрокластерларда “Better Cotton Initiatives” нодавлат нотижорат ташкилотининг стандартлари жорий этилаётгани каби мавзулар муҳокама қилинди.

Республикамизда бугунги кунда пахта-тўқимачилик кластерлари сони 134 тага етди. Музокарада меҳмонлар 2022 йилда “Cotton Campaign” халқаро коалициясининг Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилганлиги соҳада кўплаб имкониятларга замин яратишини таъкидлаб ўтдилар.

Учрашув якунида томонлар ўртасида аграр соҳада кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича режалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, “Better Cotton Initiatives” фермерларга сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, ўсимликлар ҳимоя воситаларининг зарарли таъсирлари олдини олиш, пахта толасининг сифатини сақлаб қолиш, меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, суғоришнинг самарали усулларини қўллаш, кимёвий ўғитларни камайтириш бўйича тренинглар ўтказади. Унинг мингдан ортиқ аъзоси бўлиб, улар қаторига «H&M», «Gap», «IKEA», «Levi Strauss», «Zara», «Hugo Boss», «Adidas», «Puma» каби 80 дан зиёд дунёнинг энг йирик брендлари ҳам киради.

ЎзА