Ҳаво ҳароратининг кескин пасайгани боис мавсумни беталафот ўтказиш, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари томонидан авария ҳолатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳлар шакллантирилди.

Хусусан, Навоий, Бухоро, Самарқанд, Жиззах, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган иссиқлик таъминоти корхоналари, шунингдек Тошкент шаҳри бўйича туманлар кесимида ширкат ҳамда Бошқарув сервис компаниялари фаолиятига кўмаклашиш бўйича авария-бригадалари тузилди.

Ишчи гуруҳ фаолиятини мувофиқлаштириш, аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни қабул қилиш ва масъул ижрочиларга йўналтириш бўйича 24 соатлик диспетчерлик штаби фаолияти йўлга қўйилди.

– Кўп қаватли уйларнинг иссиқлик, ичимлик, оқова сув, электр ва газ таъминоти тизимларида юзага келган авария ҳолатларини бартараф этиш мақсадида 320 нафар ишчи ходимдан иборат 9 та тезкор авария таъмирлаш-тиклаш гуруҳи фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Равшанбек Жўраев. — Ишларни самарали ташкил этиш мақсадида 25 та махсус техника жалб қилинди. Бугунги кунда тизимдаги иссиқлик таъминоти корхоналари балансида бўлган 492 та қозонхона орқали 13 минг 854 та кўп қаватли уй ҳамда 2 минг 95 та ижтимоий соҳа объектига иссиқлик таъминоти етказиб берилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларида умумтаълим мактабларини иссиқлик энергияси билан таъминловчи ҳудудий иссиқлик таъминоти корхоналари балансидаги айрим локал қозонхоналар ўқувчиларнинг қишки таътилга чиққанлиги ҳамда энергоресурсларни иқтисод қилиш мақсадида фаолияти вақтинча тўхтатилганди. Мазкур ҳудудлар бўйича мактаблар фаолияти тикланиши билан биргаликда қозонхоналар ҳам ишга туширила бошланди.

Иссиқлик энергияси ҳароратининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК балансидаги 4 та қозонхонага табиий газга қўшимча равишда мазут ёқилғиси ҳам ёқилмоқда. Солиштириб қарайдиган бўлсак, «Тошкент иссиқлик маркази» ДУК балансидаги 9 та марказий қозонхонанинг жорий йил 15 январдаги кунлик газ истеъмоли 4,5 миллион метр кубни ташкил этиб, 36,1 минг Гкал иссиқлик энергияси ўртача 53 С ҳароратда етказиб берилган бўлса, жорий йил 23 январдаги кунлик газ истеъмоли 4,83 миллион метр кубни ташкил этиб, 37,9 минг Гкал иссиқлик энергияси ўртача 60 0С ҳароратда етказиб берилди.

Табиий газ босимининг ошиши натижасида иссиқлик таъминоти корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган иссиқлик энергиясининг ҳарорати 7-8 0Сга оширилди.

Жорий йилнинг 16-23 январь кунлари ишчи гуруҳлар томонидан вазирликда ташкил этилган диспетчерлик штабига келиб тушган мурожаатлар асосида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

Иссиқлик таъминоти соҳасида 148 та кўп қаватли уй ва 3 та ижтимоий соҳа объекти, электр таъминоти соҳасида 962 та ҳамда газ таъминоти соҳасида 4 та кўп қаватли уйда юзага келган узилиш, носозликлар бартараф этилиб, таъминот қайта тикланди.

Ҳудудлардаги 320 та кўп квартирали уйнинг электр энергияси билан таъминлаб берувчи жиҳозлар (кабель, шит, автомат) янгисига алмаштирилди, шунингдек, кўп квартирали уйларга боғлиқ 35 та трансформаторда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 237 та кўп квартирали уйнинг ертўла қисмида жойлашган муҳандислик ва оқова сув тармоқларида юзага келган авария, 56 та кўп квартирали уйнинг ичимлик сув қувурларида юзага келган ёрилиш ва музлаш ҳолатлари бартараф этилди. Шу билан бирга 22 та носоз лифт ускунаси таъмирланиб, ишга туширилди.

САВОЛ…  

Истеъмолчиларда ҳақли савол туғилмоқда: иссиқлик энергияси етказиб берилмаган ёки меъёридан паст ҳароратда етказиб берилган кунлардаги иссиқлик таъминоти учун пул тўланадими?Таъкидлаш лозимки, истеъмолчилар томонидан мавсум давомида белгиланган меъёрда етказиб берилмаган иссиқлик энергияси учун Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги «Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» қарорининг тегишли бандларига асосан ўрнатилган тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Президентимизнинг топшириқларига асосан, тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, келгусида юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Унда 1991 йилгача қурилган 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Албатта, базальт қопламаси 25-30 фоиз энерготежамкор қурилиш маҳсулоти саналади. Кўриниб турибдики, аҳолини иссиқлик энергияси билан сифатли таъминлаш борасидаги ишлар кенг кўламда давом эттирилади.


Шаҳноза Маматуропова,  ЎзА