Қорақалпоғистон Республикаси судида республика судлари томонидан 2022 йил мобайнида одил судловни амалга ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 январь кунги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонларининг мазмун-моҳиятига, жумладан мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш, суд ҳокимиятининг амалда мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди.

Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Нурлипесов, Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Адилов, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев, Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Б.Қтайбеков 2022 йил мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Таъкидланганидек, ўтган йил мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2545 та жиноят иши кўрилиб, олдинги йилнинг шу даврига нисбатан  36 фоизга кўпайган. Шу даврда 1 минг 725 нафар шахс судланган. Ушбу кўрсаткич Нукус шаҳрида, Қўнғирот, Тўрткўл, Амударё, Чимбой, Хўжайли ва Беруний туманларида ошган.

 

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан оила муносабатларига оид  ишлар 4 минг 58 тани, келишувлар билан боғлиқ низолар 12 минг 901 тани, алоҳида тартибда  кўриладиган ишлар 2 минг 21 тани, меҳнат муносабатларига оид ишлар 784 тани, уй-жой низолари 512 тани,  зарарни ундириш билан боғлиқ ишлар 299 тани,  коммунал тўловлар бўйича қарзни ундириш билан боғлиқ ишлар 77 тани, ер низолари 403 тани, бошқа масалалар юзасидан ишлар 145 тани ташкил қилган.

Иқтисодий судлар томонидан ўтган йил давомида тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлардан 10 минг 135 та даъво келиб тушган бўлса, шундан 8 минг 346  таси қаноатлантирилган.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА