Қайта тикланадиган энергиядан фойдаланишни кенгайтириш иқлим фалокатларининг олдини олиш учун ягона чорадир, деди БМТ бош котиби. У қайта тикланадиган энергия манбаларига адолатли ўтишнинг бешта пунктдан иборат режасини таклиф этган. Бу ҳақда БМТ янгиликлар сайтида маълум қилинмоқда.

«Фақат қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш келажагимизни асраб қолади, энергия таъминотидаги тенгсизликни бартараф этади, нархларни барқарорлаштиради, энергетика хавфсизлигини таъминлайди», – деб баёнот берди Антониу Гутерриш Қайта тикланадиган энергия бўйича халқаро агентлик ассамблеясининг  13-сессияси қатнашчиларига қилган видеомурожаатида. Ушбу анжуман ўтган шанба куни Брашган Араб Амирлиги пойтахти Абу-Дабида очилди.

«Агар ҳозирги сиёсат давом этса, асримиз охирига келиб глобал исиш 2,8 даражани ташкил этади. Бундай сценарий оқибатлари жуда ҳалокатли бўлиши мумкин. Сайёрамизнинг бир қатор ҳудудлари яшаш учун ноқулай бўлиб қолади. Кўпчилик учун бу ўлим ҳукми бўлади», – деди Антониу Гутерриш.

Бош котиб барча мамлакатларни қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида фойдаланадиган технологиялар билан боғлиқ ҳуқуқлар бўйича барча тўсиқларни бартараф қилишга ҳамда бу билимларни инсониятнинг умумий мулки, деб ҳисоблашга чақирган.

У шунингдек, ушбу йўналишда қўлланиладиган янги технологиялар учун хомашё материаллари ва компонентларни етказиб бериш занжирини кенгайтиришни тавсия қилган. «Бу миллионлаб, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда аёллар ва ёшлар учун   “яшил” иш ўринларини яратиш имконини беради», – дея таъкидлаган у.

Ҳозирда электрга бўлган глобал эҳтиёжнинг 30 фоизи қайта тикланадиган манбалар ҳисобига қопланмоқда. Гутерришнинг таъкидлашича, ушбу кўрсаткич 2030 йилгача икки баробарга кўпайиши, асримиз ўртасига келиб эса 90 фоизга етказилиши зарур.