2023 йлда дунё бўйича ишсизлар сони 3 миллионга ортиб, жами 208 миллионга етади, дейилади Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) эълон қилган янги маърузасида. Куни кеча БМТ янгиликлар сайтида ушбу маъруза эълон қилинди.
Мутахассисларнинг баҳолашича, ишсизликнинг глобал даражаси 5,8 фоизга етган. Шу билан бирга, ишсизлар сони пандемиягача бўлган даврдаги ишсизлар сонидан 16 миллионга кўп бўлган.
ХМТнинг таъкидлашича, иқтисодий ўсишнинг секинлашиши катта эҳтимол билан кўпчиликни меҳнат қилиш шароитлари ёмонлашиши, меҳнат ҳақлари камайиши ва ижтимоий кафолатлар йўқлиги билан муроса қилишга мажбур бўлади. Бу коронавирус пандемияси ва кун кўриш қимматлашган шароитда шундоғам кучайиб кетган тенгсизликни янада чуқурлаштиради, борган сари кўплаб кишиларни қашшоқлик шароитига солиб қўяди. Экспертларнинг огоҳлантиришича, муносиб иш ўринлари билан боғлиқ вазият бу йил ёмонлашиши мумкин.
Бундан ташқари, маърузада айтилишича, меҳнат бозорида вазиятнинг ёмонлашишига асосан геосиёсий кескинлик ошгани, Украинада кечаётган ҳарбий ҳаракатлар ва мамлакатларнинг пандемиядан кейинги қайта тикланиши бир текис кечмагани сабаб бўлади. ХМТнинг уқтиришича, ушбу жиҳатларнинг барчаси бир бўлиб стагфляция учун шароит яратади, яъни бир вақтнинг ўзида ҳам инфляция, ҳам иқтисодий пасайишнинг кучайиши кузатилади.
«Бандлик даражаси ўсишининг глобал миқёсда секинлашиши, пандемия туфайли йўқотилган иш ўринларининг тўлиши 2025 йилгача чўзилишини билдиради», — дея таъкидлайди маъруза муаллифларининг бири Ричард Саманс.