Яшаётган маҳалламиз ёки қишлоғимиздаги кичкинагина ариқдан сув оқмай қолса, қанчалар ташвишга тушамиз. Бу ариқ ўрнида денгиз бўлса-чи, ташвишимиз минг чандон ошади. Уни асраб қолишдаги чорасизлик эса ундан ҳам ёмон. Сув – бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Бугунимиз, эртамиз мана шу учта ҳарфдан иборат сувга боғлиқ.

Минг афсуслар бўлсинки, Орол денгизининг қуриши бизга жуда қимматга тушди ва ҳамон бунинг ортидан келаётган азиятлар давом этяпти.

Хўш, бугун Орол атрофида яшовчи одамларнинг шароитини яхшилаш борасида ҳукуматимиз томонидан қандай чора-тадбирлар қўлланиляпти?

Фанлар академияси «Ижтимоий-гуманитар фанлар» бўлими раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Нодира Мустафоева билан шу ҳақда суҳбатлашдик.

— Ўтган йилнинг куз фаслида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ тумани ва Нукус шаҳрида бўлиб ўтган Ҳаким ота – Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этиб, Мўйноқликларнинг ҳаёти билан танишдингиз. Айтинг-чи, Мўйноқ атамаси ўзи қандай пайдо бўлган?

— «МЎЙНОҚ» атамаси 1960 йилларда пайдо бўлган. Унгача бу жойлар Токмак деб аталган. Ушбу ҳудудда 1930 йилларда советлардан қувғинга учраган хўжалар шу ердаги тўқайзорларда яширинган. Кейинчалик бу ерлар Хўжайли номини олган. Қадимда одамлар бу ерда оҳактош қазиб олишган. Мўйноқ орол бўлиб, чўзинчоқ шаклга эга бўлган ва харитада оқ шаклда тасвирланган. Шунинг учун маҳаллий халқ Мўйноқни «Бўйни оқ» деб аташган.

Мўйноқда йирик порт фаолият кўрсатган. Орол денгизи сув ҳавзаси, энг аввало атрофдаги ҳудудларнинг иқлим шароитига таъсир қилиб, ёзда ва қишда ҳаво ҳарорати ҳамда намлигини бир меъёрда сақлаб турган. 1960 йилга қадар Амударё ва Сирдарё дельталари кўл-ботқоқ, тўқай ва қамишзорлардан иборат эди. Қамишзорлар шунчалар кўп эдики, уларни «Қамишзорлар денгизи», деб аташар эдилар. Қамишзор турли ҳайвонлар ва қушларнинг яшаш ҳамда кўпайиш макони бўлган. Оролбўйи устидан бошқа мамлакатлар томонларига учиб ўтадиган миллионлаб қушларнинг дам олиш жойи бўлган. Бундан ташқари, Оролбўйида ҳар йили 250 минг ондатра териси тайёрланган.

1960 йилга қадар Орол денгизида балиқларнинг 20 дан ортиқ турлари – Усач, Лосось, Сазан, Судак, машҳур орол Вобла балиғи яшар эди ва ҳар йили ўртача 100 минг центнер балиқ овланган. 1939 йилдан Мўйноқда балиқ консерва заводи фаолият юритган. Мазкур заводда консерва, балиқ уни, совун ишлаб чиқарилган ва бу маҳсулотлар, ҳаттоки уруш йилларида Ленинград қамалида кўмак учун етказилган. Мўйноқ шаҳрида кўп сонли балиқ овлаш хўжаликлари бўлган. Бироқ, ХХ асрнинг 90-йиллар бошида мазкур завод ҳам ёпилган.

— Орол денгизи қурий бошлаганидан сўнг у ердаги кемалар металлоломга топширилган, дейишади. Буни тарихчи сифатида қандай изоҳлайсиз?

— ХХ асрнинг 60-йилларидан Орол денгизи сатҳи тез суръатлар билан пасайиши жиддий экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб кела бошлади. Бир вақтлар Амударё орқали Термиз шаҳрини Аралск темир йўл тугуни билан боғлаган Орол денгизи ўз функциясини тугатди ва 1981 йилга келиб, денгизда кема ҳаракатлари бутунлай тўхтади. Барча кемалар порт шаҳарлар яқинидаги қуруқликда қолиб кетди. Бир неча йиллар ичида 500 дан ортиқ кема қумга абадий тиқилиб қолди. Улар металлоломга топширилиб, атиги 11 та кема «кемалар қабристони»да мунғайганича қолганди. Бу ҳолатни кўрган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг 2017 йил июнь ойидаги Ўзбекистонга сафари чоғида Қорақалпоғистонга бориб, Мўйноқдаги «Кемалар қабристони»ни ўз кўзи билан кўрганини айтган эди.

— Орол фожиаси салбий таъсирларини камайтириш учун қандай чора-тадбирлар қўлланиляпти?

— Орол муаммоси кескинлигини чуқур англаган Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 21 январида Қорақалпоғистонга келиб, ҳудуддаги ҳақиқий ҳолатни тўлиқ ўрганди. 2017 йил сентябрь ойида БМТнинг 72-сессиясида қатнашиб, Орол фожиасининг жуда кескинлашганини ва глобал даражадаги хавфини дунё давлатларига янада чуқур ва атрофлича харита ёрдамида изоҳлаб, асосли қилиб тушунтириб бергандан сўнг, ушбу масала атрофидаги халқаро ҳамкорлик сезиларли даражада кучайди.

2018 йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Орол фожиаси оқибатларини бартараф этишда Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича бешта таклифни илгари суриб, Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқиш ҳақида тўхталган эди.

Фанлараро текширишлар ўтказишни ва чўл ўсимликлари учун кўчатлар етиштириш бўйича регионал марказлар ташкил этиш кераклигини асослаб берди. Минтақамизнинг ноёб ҳайвонот дунёсини сақлаш учун Оролбўйи зонасида муҳофаза қилинадиган трансчегаравий табиий ҳудудлар ташкил этиш ҳам таклиф қилинди. Йўқолиб бораётган ҳайвонлар, жумладан, қоплон, қулон, сайғоқ ва бошқа ноёб жониворларни сақлаб қолиш учун барча ишларни ўзаро келишиб амалга ошириш ниҳоятда долзарб саналади. Сувни тежаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш масалаларидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини кескин ошириш лозимлиги таъкидланди.

— Давлатимиз раҳбарининг бундай ҳаракатлари қандай натижа беряпти?

— 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари юртбошимиз Қорақалпоғистоннинг, жумладан, экологик фожиа ҳисобланган Мўйноқ туманига ташриф буюрди. Ушбу ташриф якунлари бўйича яқин икки йилга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди. Унда жами 1,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 795 та лойиҳа амалга оширилиши назарда тутилди.

Ўзбекистон Президентининг Оролбўйининг экологик вазиятини кескинлигини юмшатиш учун жонкуярлик билан қилган хатти-ҳаракатлари ўз натижасини бера бошлади. 2018 йилнинг 27 ноябрида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди фаолият бошлади. Шу муносабат билан Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган олий даражадаги тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу фондни ташкил этиш ташаббусини юксак баҳолаб, халқаро жамоатчиликни мазкур тузилмани молиялаштиришда фаол қатнашишга чақирди.

Анжуманда кўпгина мамлакат раҳбарлари, шунингдек, қатор нодавлат ташкилотлар вакиллари ушбу фонд фаолиятини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирдилар.

Траст фонди Орол денгизининг маркази бўлган ва кўп талафот чеккан Мўйноқ шаҳрини мутлақо янгидан тиклашга, саноат корхоналари, кўп қаватли уйлар, замонавий хизмат кўрсатиш бинолари, мактаблар, таълим муассасалари ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилди. Айниқса, ҳудудда туризм инфраструктураси ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.

2018 йилнинг декабрь ойларидан бошлаб денгизнинг қуриган ҳудудида 500 минг гектарлик ўрмон барпо этиш жараёнига киришилди. Мазкур ишга Орол бўйидаги барча ўрмон хўжаликлари, мингдан зиёд мутахассис ишчилар жалб этилди. Шу ернинг ўзида яшаш учун барча шароитлар ташкил этилди. Яшил ўрмонлар яратиш учун катта техника жалб қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, бугун мамлакатимиз аҳолиси Орол денгизининг қуриган тубида «яшил қопламалар» – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишларида астойдил меҳнат қилмоқда ва бунинг натижалари бугун кўзга кўринмоқда.

2020 йил 12 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, Орол денгизи қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда сайёҳлар сонини кўпайтиришга қаратилган “My garden in the Aral Sea” («Оролдаги боғим») агро ва экотуризм лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди.

— Мўйноқда бўлиб, ўзгаришларга гувоҳ бўлган тарихчи сифатида унинг бугунги қиёфасини қандай изоҳлайсиз?

— Ҳозир Мўйноқдаги ўзгаришлар унга ҳаёт қайтаётганидан дарак бермоқда. Бу жараённи биз туман марказида қад кўтарган 800 ўринли амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, янги қурилган спорт зали, ёпиқ бассейн, маданият маркази ва стадион ва бошқа масканлар мисолида кўришимиз мумкин. «Мўйноқ порлоқ текс» МЧЖ тикувчилик корхонасининг ташкил этилиши 350 кишини иш билан таъминлади. Замонавий тикув машиналари ўрнатилган янги корхона йилига 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга. Янги қурилаётган уйлардан корхона ишчилари учун хонадонлар ажратилган.

2020 йилда 25 миллиард маблағ эвазига Мўйноқ консерва заводи ҳам қайта тикланиб, у ерда балиқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Завод 9 миллион дона балиқ консерваси, 200 тонна дудланган балиқ, 780 тонна балиқ фарши, 400 тонна балиқ филеси, жами 11 турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Тайёр маҳсулотлар ички бозорда сотилмоқда. Россия, Қозоғистон ва Афғонистонга экспорт қилиш учун шартномалар тузилмоқда. Келажакда завод учун 150 гектар майдонда сунъий сув ҳавзалари ташкил этилади.

Жорий йил бошидан Оролнинг қуриган майдонларида қудуқлар қазила бошлади. Ҳозирда 12 та қудуқ қазилган. Уларда чорвачилик учун истеъмолга яроқли сув чиқмоқда. Шу сабаб бу ерда мўйноқликлар учун балиқчиликдан ташқари чорвачиликни ривожлантиришга ҳам имкониятлар яратилмоқда.

Дарҳақиқат, шу каби ислоҳотлар боис Мўйноқ тумани ва Орол денгизи атрофи сайёҳларнинг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.

 

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди, ЎзА