Oxfam бирлашган хайрия ва гуманитар ташкилоти сайтида эълон қилинган хабарда шу ҳақда гап боради.

Таъкидланишича, миллиардерлар коронавирус пандемияси даврида ҳамда кун кўриш қимматлашиши шароитида бойликларини ноодатий равишда тез ошириб олишга муваффақ бўлишган.

Oxfam маълумотида келтирилишича, 2020 йилдан буён тўпланган дунё бойликларининг  63 фоизи (26 триллион доллар) сайёрамиздаги энг бадавлат кишиларнинг 1 фоизи қўлида жамланган,  37 фоизи  (16 триллион доллар) қолган 99 фоиз аҳолига тақсимланган.

2022 йилда миллиардерларнинг даромади асосан озиқ-овқат ва электр энергияси қувватлари нархи қимматлашуви ҳисобига ортган. Яъни, озиқ-овқат ва электр энергия сотувчи корпорацияларнинг 95 фоизи ўтган йили даромадларини икки баробарга ошириб олган.

Шу билан бирга, дунёдаги 1,7 миллиард   киши инфляция ўсиши маошлар ошишидан  тез бўлган мамлакатларда яшамоқда. 820 миллиондан зиёд киши ёки Ер аҳолисининг тахминан ўндан бири очлик азобидан азият чекмоқда. Оч яшаётганларнинг қарийб 60 фоизи аёллар ва қизларни ташкил этади.

Бундан ташқари, маърузада айтилишича, 25 йил давомида илк бор ҳаддан ортиқ бойлик ва ўта қашшоқликнинг бир вақтнинг ўзида ўсиши кузатилмоқда.

Жаҳон банки маълумотларида келтирилишича, ҳозирда Иккинчи жаҳон урушидан буён глобал тенгсизлик ва қашшоқлик кўрсаткичларининг  энг тез ўсиши қайд этилмоқда.

Oxfam тенгсизликка қарши курашда энг бадавлат кишиларнинг даромадларига солинаётган  солиқлар миқдорини тизимли ва кенг қамровли ошириб боришга чақирмоқда. Таҳлилий маълумотларга кўра, миллиардерлар ва мультимиллионерлар бойлигига 5 фоиз қўшимча солиқ солинса 2 миллиард кишини қашоқликдан қутқариб олиш мумкин бўлади.