Ҳаво сифатини эълон қилиб борувчи www.iqair.com сайтининг маълум қилишича, ҳавоси энг ифлосланган шаҳарлар рўйхатини Бишкек шаҳри бошқармоқда, деб ёзмоқда «Казинформ» агентлиги.
Сайт келтирган маълумотда айтилишича, Бишкекда ҳавонинг ифлосланиш даражаси 306 AQI (ҳаво сифати индекси) ни ташкил этган. Бу белги “хавфли”лик даражаси юқори эканини билдиради.
Тоза ҳавони энг кўп орзу қилаётган шаҳарлар рўйхатида иккинчи ўрин Бангладешнинг Дакка шаҳрига берилди, учинчи ўринга эса Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳри эгалик қилди. Мазкур шаҳарларда ҳавонинг тозалик даражаси «зарарли» деб баҳоланган.
Ҳавоси энг кўп ифлосланган шаҳарлар ўнталигидан Калькутта (Ҳиндистон), Карачи (Покистон), Мумбай (Ҳиндистон), Аккра (Гана), Бағдод (Ироқ), Тошкент (Ўзбекистон) ва Лахор (Покистон) шаҳарлари жой олган.
Экологларнинг фикрича, шаҳарларнинг атмосфераси ифлосланишига асосий сабаб, баланд қаватли уйларнинг кўп қурилиши бўлмоқда. Чунки режа билан қурилмаган осмонўпар бинолар тоғ томондан келаётган шамолни тўсиб қўймоқда.
Шунингдек, маҳаллий аҳолининг қишда уйларини иситиш учун кўмирдан фойдаланиши ҳам шаҳар ҳавосининг булғаланишига сабаб бўлмоқда.