2023 йил оғир бўлади, бироқ одамларда ҳозирча иш бўлар экан, иқтисодиёт ривожланишда давом этади, деб ҳисобламоқда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) директори Кристалина Георгиева.

У иқтисодий прогнозлар пасайишини кутмаётганини маълум қилди, деб ёзмоқда Deutsche Welle газетаси.

Дунё иқтисодиётида оғир давр кечаётганига қарамай, Халқаро валюта жамғармаси  2023 йилда глобал иқтисодиётнинг ўсиш прогнозини пасайтириш нияти йўқ. ХВЖ ижрочи директори Кристалина Георгиева 12 январь куни Вашингтонда бўлиб ўтган брифингда шу ҳақда маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, 2023 йил дунё иқтисодиёти учун навбатдаги оғир йил бўлади ва инфляцияни бартараф қилишнинг имкони бўлмайди, бироқ, агар кутилмаган воқеалар юз бермаса, прогнозларни ёмонлаштиришга ҳожат бўлмайди.

ХВЖ раҳбарининг огоҳлантиришича, ҳозирги дунё инқирозларга мойил ва халқаро ҳамжамият энг кутилмаган таҳдидларга, жумладан, иқлим ҳалокатларига ва кучли киберҳужумларга тайёр туриши лозим.

Георгиева, шунингдек,  нефть нархининг сакраб кетиши билан боғлиқ хавотирлар ўзини оқламади, меҳнат бозори ҳам барқарорлигини намойиш қилмоқда, деган.

«Ижобий янгилик шуки, меҳнат бозори барқарор. Ҳозирча одамларда иш ўрни бор экан, улар нархлар юқори бўлишига қарамай пулларини сарфлашда давом этади ва бу иқтисодиётга ёрдам беради», – дея келтиради Георгиеванинг сўзларини Reuters агентлиги.

Ўтган октябрь ойида ХВЖ 2023 йилда глобал иқтисодий ўсишни  2,9 дан  2,7 фоизга туширган эди.