Франция ҳукумати 2030 йилга қадар пенсия ёшини икки йилга ошириб, 64 ёшга етказишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу ҳақда dw.com сайти хабар берди.
Мамлакат бош вазири Элизабет Борн мазкур режани эълон қилар экан, ислоҳотдан мақсад 2030 йилгача мувозанатли пенсия тизимини таъминлаш эканини таъкидлаган.
Ҳукумат ҳисоб-китобига кўра, ўша вақтда Франция пенсия жамғармасида маблағ етишмаслиги 20 миллиард еврони ташкил қилади.
Пенсия ёшини ошириш билан бир қаторда, ходимларнинг пенсия жамғармасига пул ўтказишнинг энг кам муддати 43 йилгача оширилган. Энг кам пенсия миқдори ойига бир минг икки юз еврога етиши айтилмоқда.
“Казинформ” ахборот беришича, ҳукуматнинг мазкур қарори касаба уюшмалари томонидан қаттиқ танқид қилинган. Бундай ҳаракат барча француз ишчилари учун жиддий зарба бўлади, дея огоҳлантириш берилган.
ЎзА