Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ, прокурорлар бошчилигидаги секторлар томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эҳтиёжмандларнинг муаммоларини ҳал этиш, ишсизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, жиноятчиликка қарши курашиш каби кўплаб соҳаларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтган давр мобайнида 2-секторлар томонидан қайд этилган йўналишларда рўёбга чиқарилган чоралар натижасида 3,3 минг нафардан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Бевосита 2-сектор раҳбарлари ташаббуси билан 252 та тадбиркорлик субьекти ташкил этилиб, 397 та янги иш ўрни яратилди. 5 минг 106 нафар фуқаронинг ўзини ўзи банд қилиши таъминланиб, уларнинг 649 нафарига 2 миллиард 102 миллион сўмлик субсидия ажратилди. Шунингдек, 247 та эҳтиёжманд оилага имтиёзли кредит асосида тикув машиналари олиб берилиб, 300 нафарга яқин шахснинг бандлиги таъминланди.

Хусусан, Қораўзак тумани прокурори томонидан ҳудуд аҳолисининг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш бўйича 2022 йил давомида шахсий ташаббуси билан ўз маблағлари ва ҳомийлар ёрдамида жами 5 миллиард 298 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилиб, 1 минг 430 та оиладаги 9 минг 150 нафар фуқаронинг муаммоси ижобий ҳал этилди. Шу жумладан, сектор раҳбари ташаббуси билан ёшларнинг муаммолари, қизиқишини “фуқаробай” ўрганиш мақсадида хатлов ўтказилиб, 1 минг 823 нафар ёшнинг баланси тўлиқ шакллантирилди. 48 марта “Прокурор ва ёшлар” сайёр қабули ўтказилиб муаммолар ижобий ҳал этилди. Шунингдек, “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида ўтган йил давомида жами 12 минг 170 нафар ёш иштирокида 209 та тадбир ўтказилди.

2022 йил давомида сектор ҳудудида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёш кадрларни қўллаб-қувватлашдаги амалий кўмаги учун Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан ўтказилган “Хошамет – 2022” мукофотини топшириш маросимида Қораўзак тумани тумани прокурори, 2-сектор раҳбари Н.Джоламанов “Йилнинг энг ташаббускор сектор раҳбари” номинациясида ғолиб деб топилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

ЎзА мухбири