Президентимизнинг “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган. Айни пайтда ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш, бўлажак кадрларнинг билимларини ишлаб чиқариш жараёнларидаги техника ва технологиялар муҳитида янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарига олий таълим муассасалари талабалари учун сайёр ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Навбатдаги сайёр дарслар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалининг Нефть, газ ва қайта ишланган маҳсулотларни ташиш ва сақлаш объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш йўналиши 4-босқич талабалари учун ташкил этилди.
Амалиёт дарслари Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими кўмагида Хом-ашё ва тайёр маҳсулотлар цехига қарашли объектларда ва интерфаол жиҳозланган ўқув хоналарида олиб борилди.
Кўп йиллик тажрибага эга устоз ходимлар бўлажак мутахассисларни завод эстакадаси ва сиғимлар паркининг иш фаолияти, маҳсулотларни ташиш ва сақлаш технологиялари билан таништирди.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат талабалар, балки устоз-педагоглар учун ҳам тажриба алмашиш ва малака ошириш маскани ҳисобланади. Заводда талабалар ва институт педагоглари учун етарли шароитлар яратилган.
Зариф Комилов, ЎзА