Тошкент марказий темир йўл вокзалида «Туркия-Эрон-Туркманистон-Ўзбекистон» янги темир йўл йўналишининг очилишига бағишлаб тадбир ташкил қилинди. Тадбирда дастлаб Туркиядан Ўзбекистонга қараб йўлга чиққан биринчи юк поездини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Туркия томони билан ҳамкорликда «Гумруҳ» станциясидан Тошкент шаҳрига юкларни ташиш йўналишини ишлаб чиқди. Жумладан, 40 та вагондан иборат поезд маиший техника (совуткич ускуналари)дан иборат, Туркия, Эрон, Туркманистон бўйлаб ҳаракатланиб бугун Ўзбекистонга етиб келди.

Умумий узунлиги 4500 км.дан ортиқ бўлган ушбу йўналиш Ўзбекистон юкларини халқаро бозорларга ташиш учун қўшимча имконият ҳисобланади.

Ушбу кўрилаётган барча чора-тадбирлар минтақадаги мавжуд транспорт-коммуникация тармоқлари ва инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имконини бериб, ташқи савдо юкларини асосий жаҳон ва минтақавий бозорларга ташиш учун вақт ва молиявий харажатларни сезиларли даражада камайтиради.

Маросимда «Ўзбекистон темир йўллари»АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Х.Хасилов, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, Туркия темир йўллари вакиллари, шунингдек, янги темир йўл йўналишининг очилишида илк бор вагонларда юкини олиб келган тадбиркорлар иштирок этди.

 

Ш. Маматуропова,

ЎзА