Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан тизимдаги ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда фойдаланиш учун ихтисослик фанлари бўйича таълим дастурлари ҳамда бир қатор дарсликлар ишлаб чиқилган.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида агентликнинг Ўқув жараёнини методик таъминлашни такомиллаштириш бўлими мутахассислари Дилшода Норбоева ва Жамолиддин Нурмуҳаммедов билан суҳбатлашдик.

– Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан қандай дарслик ва таълим дастурлари ишлаб чиқилди, режалар қандай?

– Агентлик томонидан аниқ фанларга ихтисослаштирилган мактаблар учун информатика, математика, физика, табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаблар учун кимё, биология фанларидан, ижод мактаблари учун она тили, адабиёт ҳамда барча мактабларимиз учун чет тили ва Ўзбекистон тарихи каби жами 9 та таълим дастури ишлаб чиқилди.

Таълим дастурларини ишлаб чиқишда энг яхши миллий ҳамда хорижий тажрибалар, жумладан, Кембрижнинг IGSCE, A-Level, шунингдек, “NIS – Programme” каби халқаро тан олинган дастурлар, International Baccalaureate, SAT каби имтиҳонлар, АҚШ, Россия, Австралия, Беларусь сингари давлатларнинг таълим дастурлари, PISA, TIMSS, PIRLS халқаро баҳолаш дастурлари мазмуни ўрганилди.

Бугунги кунда ишлаб чиқилган таълим дастурлари асосида замонавий дарслик мажмуаларини яратиш мақсадида Агентликнинг масъул ходимлари томонидан бир неча халқаро тажрибалар, жумладан, Япония, Туркия, Хитой, хусусан, Шанхай провинцияси, Корея Республикаси, Буюк Британия каби давлатларнинг таълим тизимлари ўрганиб чиқилди.

Айни дамда тайёр бўлган дастурларни инглиз тилига таржима қилиб, UK ENIC ташкилотига халқаро аккредитация учун тақдим қилиш устида иш олиб бормоқдамиз.

Агентлик тизимидаги мактаблардаги ўқувчиларни келажак касбларига йўналтириш мақсадида агротехнология ва робототехника бўйича ҳам дастур ишлаб чиқилган. Ушбу дастурлар бир қатор мактабларимизда алоҳида факультатив соатлар ҳисобидан ўқитилмоқда.

2021-2022 ўқув йилида Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан 7- 8- ва 11-синф Адабиёт (1-қисм) ва 7-синф Матншунослик дарсликлари ишлаб чиқилди ҳамда Агентлик тизимидаги ижод мактабларида тажриба-синов тариқасида жорий этилди.

Бугунги кунда яна 4 та дарслигимиз, жумладан, 9-синф Адабиёт, 11-синф Адабиёт (2-қисм), 5-синф Математика ва Матншунослик алифбоси учун машқ дафтарлари нашрга тайёр ҳолатда. Шунингдек, 10-синф Адабиёт, 7-синф Она тили, 5-синф Математика (2-қисм), 5-синф Информатика ва АКТ, 7-синф Ўзбекистон тарихи дарсликларини ишлаб чиқиш жараёнлари ниҳоясига етиш арафасида турибди.

Бундан ташқари, биз Cambridge Assessment International Education (Англия) ташкилоти билан физика ва биология фанларидан ўқув-методик адабиётларини маҳаллийлаштириш устида иш олиб бормоқдамиз. Бу лойиҳага ҳозирда 40 нафарга яқин мутахассислар жалб этилган. Дарсликларни таржима қилиш ва маҳаллийлаштириш жараёнлари Кембриж ташкилоти билан бевосита биргаликда амалга оширилмоқда. Ўқув-методик адабиётларни ўзбек тилида маҳаллийлаштирганимиздан сўнг уларни Кембриджга тақдим этамиз. Кембридж томонидан дарслик сифат кўрсаткичларига кўра таҳлил қилинади, камчиликлар бўлса, тузатилиб, нашрга тавсия этилади.

Маълумки, Кембрижнинг мазкур дарслик мажмуалари IGCSE ва A/AS level даражалари учун ишлаб чиқилган. Биз эса бу дарсликларни 7-11-синфлар кесимида, 36 номда тайёрламоқдамиз. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Агентлик ва Cambridge Assessment International Education ўртасида тузилган шартномага мувофиқ биз маҳаллийлаштириш жараёнида дарсликларга Агентлик томонидан ишлаб чиқилган таълим дастурига мос равишда 30 фоизгача ўзгартириш ва қўшимчалар киритишимиз мумкин.

Лозим ўринларда расмлар, исмлар, жой номлари ҳамда топшириқлар маҳаллий шароит ва миллий қадриятларни инобатга олган ҳолда ўзгартирилади ҳамда айрим ўринларда янги мавзулар ишлаб чиқилади. Жумладан, биология дарслигида Буюк Британия иқлимида ўсадиган ва бизнинг юртимизда учрамайдиган ўсимлик дарахтнинг микроскопдаги кўриниши таҳлили берилган. Биз бунинг ўрнига болаларга яхши таниш бўлган,

Ўзбекистонда кўп учрайдиган ўсимлик дарахтнинг микроскопдаги кўриниши таҳлилидан фойдаланамиз. Шунда бу ўқувчилар учун ҳам анча тушунарли бўлади ёки маҳаллийлаштириш жараёнида машқлардаги хорижий исмларни, шаҳарларни юртимиздаги шаҳарлар ва маҳаллий исмлар билан алмаштиришимиз мумкин.

Истиқболдаги режалар ҳақида гапирадиган бўлсак, 2023 йилда ҳам агентлик томонидан бир қатор дарсликлар яратиш кўзда тутилган. Булар 7-синф биология, 7-синф кимё, 6-синф математика, 6-синф информатика, 8-синф она тили, 8-синф Ўзбекистон тарихи, 7 ва 8-синф қорақалпоқ тили, 7 ва 8-синф адабиёт (қорақалпоқ тилида) дарсликлари ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

– Янги дарсликлар ва таълим дастурларининг афзалликлари нималардан иборат?

– Амалдаги кўплаб дарсликлар ахборот беришга мўлжалланган бўлиб, уларда амалий машғулотларга камроқ эътибор қаратилган. Агентлик томонидан ишлаб чиқилган янги дарслик ва ўқув-методик қўлланмаларда эса ўқувчининг танқидий, таҳлилий, креатив фикрлашига, унда билимларни фақат эшитиш ёки ўқиш билан эмас, балки амалий машғулотлар ёрдамида эгаллашларига, шунингдек, уларнинг тадқиқотчилик, муаммоларга оригинал ечимларни топиш ва қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга катта аҳамият берилади.

Биргина адабиёт дарсликларимизни олайлик. Биз мазкур дарсликни тайёрлашда аввало хорижий тажрибани ўргандик. Масалан, Финляндияда адабиёт қандай ўқитилади, АҚШда қандай, Буюк Британияда қандай?.. Яъни ривожланган мамлакатларда адабий таълим қандай ташкил этилишига эътибор қаратилди. Шундан сўнг миллий тажрибага мурожаат қилдик. 1960 йилдан кейин ҳамда мустақиллик даврида адабий таълимда қандай эврилишлар бўлган, адабий таълим қандай ташкил этилган ҳаммаси бир бошдан таҳлил қилинди. Булар натижасида адабиётни фан сифатида ўқитишнинг учинчи – янги методикаси пайдо бўлди.

Ушбу йўналишда, яъни ижод мактабларида ўқитишга мўлжалланган адабиёт дарслигини яратишда биз мадрасаларда адабий таълимнинг қандай олиб борилишини ҳам ўргандик, таҳлил қилдик. Мазкур методикаларни бирлаштирган ҳолда Агентлик томонидан янги адабиёт дарсликлари ишлаб чиқилди. Бунда адабиётни фақат сўз билан эмас, бошқа санъат турлари билан қўшиб ўқитишга эътибор қаратилган. Мақсад ўқувчига сўзни санъатнинг фарқли кўринишлари билан қиёслашни ўргатишдир. Жумладан, янги адабиёт дарсликларимизда «Асар талқинлари» деган рукн киритилган бўлиб, бунда ўқувчилар сўзни фақатгина бадиий матн сифатида эмас, балки унинг ижроси билан боғлиқ ҳолда кўриб чиқишади.

Ўқувчилар ушбу дарсликларни ўқиш давомида адабиётни тасвирий санъат, мусиқа билан боғлиқлигини, тафовути ҳамда ўхшашликларини ўрганишади, таҳлил қилишади ёки она тили дарслигини олайлик. Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан ишлаб чиқилган она тили дарслиги бугунги кунга қадар амалда бўлган дарсликлардан бутунлай фарқ қилади. Яъни, шу кунгача она тили дарсликлари грамматизмга асосланган бўлса, биз янги дарсликларни ишлаб чиқиш жараёнида соф ҳаётий кўникмага олиб борувчи, нутқий компетенцияларини оширувчи, ўқиш саводхонлигини ҳамда тинглаб тушуниш кўникмасини яхшиловчи методларга эътибор қаратмоқдамиз.

Бунда хорижий тажрибанинг энг илғор томонлари таҳлил қилинди ва миллий тажриба билан уйғунлаштирилди.

– Ишлаб чиқилган ва тажриба-синов тариқасида жорий этилган дарсликларни амалиётда қўллаш жараёни мониторинг қилиниб бориладими?

– Албатта, хусусан, 7-синф Матншунослик дарслигини олайлик. 2021-2022 ўқув йилида ушбу дарслик агентлик тизимидаги 9 та ижод мактабида тажриба-синов тариқасида жорий этилди. Ундан кейин биз бир ўқув йили давомида ушбу дарсликдаги камчиликлар устида ишладик. Бунда ўқитувчиларнинг фикри ва тавсиялари инобатга олинди.

Тажриба-синов хулосалари барча мактаблардан йиғиб борилди. Мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари таҳлил қилинди.

Мониторинг жараёнлари якунига кўра, биз дарсликдаги баъзи машқларни олиб ташлаб, муайян мавзуларни янада такомиллаштирдик. Бир дарс соати давомида шуғулланишга вақт етмай қолган ҳолатларда топшириқлар қисқартирилди ёки бутунлай олиб ташланди. Шу тариқа 1 ўқув йили давомида мазкур дарсликлар янада такомиллаштириб борилди ва янги ўқув йилида фойдаланиш учун катта тиражларда нашр этилди.

 

ЎзА