Мамлакатимиз иқтисодий ўсишида таҳлил ва таклифлар катта аҳамиятга эга. Бу борада Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти фаолияти муҳим ҳисобланади.

Ушбу институт экспертлари томонидан барча соҳалар ривожи йўлида кўрсаткичлар баҳолаб борилади. Яқинда уларнинг таҳлили Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш имкониятларига бағишланди.

Тадқиқотда 2015-2021 йилларда Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик индекси ҳисоблаб чиқилди ва асосий натижалар маълум қилинди.

“Тадқиқ этилаётган даврда индекс қиймати 43,9 дан 59,9 гача кўтарилган бўлса, бу вақт оралиғида инфратузилмаларнинг ривожланиш кўрсаткичи 38,0 дан 64,2 гача ошди ва у индекснинг ортишига энг катта ҳисса қўшди. Энг катта ўсиш маълумотларни узатиш халқаро тармоғининг ўтказувчанлик имконияти (74,7 маротаба) ва масофавий банк хизматлари тизимларидан фойдаланувчилар (жисмоний шахслар) сони (20,2 маротаба) каби кўрсаткичлар бўйича қайд этилди.

Ўзбекистоннинг фриланс бозорига кириш учун тайёрлик даражасига олий таълим билан қамраб олишнинг 3,8 маротаба, интернетдан фойдаланувчилар сонининг 2,4 маротаба ортиши, провайдерлар учун интернет-хизматлар (ташқи канал) учун тарифлар қийматининг 86,4 маротаба пасайиши ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Upwork фриланс платформаси ҳисоботига кўра, бугунги кунда фрилансерларга бўлган талабнинг каттагина қисми  (тахминан 50 фоиз) ҳамон кичикроқ ва ўртача капитал айланишига эга бўлган компанияларнинг улушига тўғри келади. Бироқ Fortune 500 рўйхатидаги (Amazon, Apple, Microsoft, Facebook, PepsiCo ва бошқа компаниялар) йирик компанияларнинг 33 фоизи ўз ишини аутсорсингга бериш учун фрилансерлар биржасига мурожаат қилмоқда.

Прогнозларга кўра, 2025 йилга борганда глобал фриланс бозорининг ҳажми 13,84 триллион АҚШ долларига етади. Дунё фриланс бозорининг тез суръатлар билан ривожланиши унга Ўзбекистоннинг ҳам кириши зарурлигидан далолат беради. Бу масала қанча узоқ чўзилса, мамлакатимиз шунча кўп имкониятни қўлдан бой беради.

Ҳозирги вазиятни инобатга олганда мамлакат ҳукумати томонидан фриланс бозори фаолиятини фаоллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар (фрилансерлар)нинг ҳуқуқий мақоми яқинда қонунийлаштирилди ва соддалаштирилди.

Ўзбекистонда фрилансерлар фаолиятини давлат меъёрий актлари билан қонунийлаштириш учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини татбиқ этиш кўзда тутилган. Меҳнат гувоҳномаларининг жорий этилиши расмий рўйхатдан ўтмасдан яширин иқтисодиётда банд бўлган фуқароларнинг меҳнатини қонунийлаштиришга қаратилган” дейилади ПМТИ таҳлилида.

ЎзА