Термизда ҳарбий хизматчи вафот этгани юзасидан расмий муносабат
Ижтимоий тармоқларда Термизда ҳарбий хизмат ўтаётган қаршилик йигит вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти вазирликнинг бу борадаги расмий муносабатини эълон қилди:
Термиздаги ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган оддий аскар К.Қ. соғлиги бўйича шикоят қилганлиги сабабли 11 ноябрь куни Марказий ҳарбий клиник госпиталга ётқизилган.
Тиббий текширувлар натижасида бемор К.Қ. «юракнинг ўнг бўлмачасида контраст тўлдириш дефекти (тромб), кўкс оралиғида ҳажмли хосила, икки томонлама гидроторакс» аниқланган. 14 ноябрь куни бемор шошилинч равишда «Америcан Ҳоспитал» клиникасида кардиохирург консультациясига олиб борилган.
Бемор ҳаёти учун ташхис ва жарроҳлик операцияси ўта хавфли ҳисобланади. Аммо ҳаётий кўрсатмаларга асосан жарроҳлик операциясини бажариш лозимлиги сабабли клиникада госпиталь мутахассислари иштирокида жарроҳлик операцияси ўтказилган.
Беморнинг умумий аҳволи ўтказилган жарроҳлик операциясига мос равишда оғирлигича қолган. Ўтказилган реанимацион чора тадбирларга қарамасдан беморда биологик ўлим қайд этилган.
ЎзА