Мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни этиб белгиланган. Бу йил ушбу сана 13 ноябрь кунига тўғри келди. Юртимиз тиббиётчиларининг асосий байрам тантаналари Самарқанд шаҳрида ўтказилди.

Вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан келган бир гуруҳ фидойи, кўп йиллик тажрибага эга ва истеъдодли ёш тиббиёт ходимлари, соҳа фахрийлари дастлаб Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларни зиёрат қилди. Қадимий кентда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди. Жумладан, яқинда фойдаланишга топширилган ва бир қатор нуфузли халқаро анжуманларга мезбонлик қилган “Буюк ипак йўли” халқаро туристик маркази ва бу ерда яратилган шароит, имкониятлар меҳмонларда қатта таассурот қолдирди. Халқаро конгресс маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси ва жаҳон стандратларига мос меҳмонхоналар тиббиётчиларга манзур бўлди.

– Бу йилги байрамни Самарқандда нишонлаётганимиздан жуда хурсандман, – дейди Республика қон қуйиш марказининг қон ва унинг компонентларини тайёрлаш бўлими трансфузиологи, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Машкура Мухамедова. – Шаҳар яна ҳам обод, кўркам бўлибди. 44 йилдан буён шу заҳматли касбда фаолият юритиб давлатимизнинг, халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромига сазовор бўлганимдан фахрланаман. Бугун кўрсатилаётган эътибордан эса бошим осмонга етди.

Байрам тантанаси янгидан реконструкция қилинган Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига байрам табригини Президент маслаҳатчиси О.Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди.

Табрикда қайд этилганидек, сўнгги йилларда юртимизда ҳар бир фуқаро учун юқори сифатли ва малакали тиббий хизмат тизимини яратиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу йўналишда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни жамиятимиз ҳаётида тўла рўёбга чиқариш мақсадида кейинги вақтда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан мунтазам учрашиб, олдимизда турган вазифалар ва долзарб муаммоларнинг ечимлари ҳақида фикрлашиб олиш ибратли анъанага айланди.

Жорий йилда сизлар билан ўтказилган мулоқотларимиз ҳам ҳар томонлама фойдали бўлди. Бунинг натижасида 2022 йилда соҳага оид йигирмадан зиёд қонун, фармон ва қарорлар ҳамда бошқа зарур меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда, дейилади табрикда.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари бугун тиббиёт хизмати бевосита маҳаллаларга, ҳар бир юртдошимизнинг хонадонига кириб бораётгани, юқори малакали шифокорлар, олим ва мутахассислар жойларга чиққан ҳолда, оғир хасталиклардан азият чекаётган беморларнинг саломатлигини тиклашга муносиб ҳисса қўшаётганини эътироф этган.

Ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли ҳудудлар бўйлаб ўтказилган саломатлик акциялари давомида 210 минг нафар юртдошимиз амбулатор ва 65 минг нафари стационар шароитда соғломлаштирилди.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш мақсадида биргина 2022 йилда жойларда 100 дан зиёд оилавий шифокорлик пункти, поликлиникалар ҳамда олис ва чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилди. Бунинг натижасида қўшимча равишда яна 3,5 миллион аҳолини бирламчи тиббий хизмат билан қамраб олишга эришилди.

Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиб, 740 минг киши бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди. Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармонлар учун маблағлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 3 баробарга оширилди. Бирламчи тиббиёт муассасалари замонавий тиббий ускуналар билан таъминланмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини мустаҳкам қарор топтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ҳар бир фуқаронинг соғлиғини асраб-авайлаш, уларни малакали тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш масалалари бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолиши табрикда алоҳида қайд этилган.

Президентимизнинг 2022 йил 11 ноябрда қабул қилинган фармонига кўра, тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Маросимда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

– Қўшкўпир туманининг энг олис Ғазобод қишлоғида жойлашган муассасамиз 18 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади, – дейди Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 23-оилавий поликлиника мудири, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Меҳрибон Юсупова. – 4800 нафар фертиль ёшдаги аёллар, 372 нафар бир ёшгача бўлган болалар бор. Кейинги йилларда бирламчи бўғинга алоҳида эътибор қаратилиши, мунтазам тиббий кўриклар ўтказилиши натижасида мазкур тоифада учрайдиган турли касалликлар камайди. Охирги беш йил давомида ногиронлик, оналар ва болалар ўлими қайд этилмади. Халқимизнинг ҳам тиббий маданияти анча ошди. Байрам муносабати билан давлат мукофоти билан тақдирланганим поликлиникамиз жамоаси меҳнатига берилган юксак баҳо, ишонч деб биламан. Бу ишончни, албатта, ўз меҳнатимиз билан оқлаймиз.

– Президентимиз хорижда ишлаб юрган мутахассисларни юртимизга таклиф қилганларидан руҳланиб, 2018 йилда Россиядан қайтиб келганман ва тиббиёт марказимизда янги ташкил этилган кардиохирургия бўлимида иш бошлаганман, – дейди Фарғона вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг кардиохирургия бўлими мудири, “Шуҳрат” медали соҳиби Жавлонбек Муйдинов. – Вилоят ҳокимлиги уй-жой билан таъминлади, хориждаги сингари мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажаришимиз учун зарур тиббий жиҳозлар олиб берилди. Бунинг натижасида шу пайтгача болаларда учрайдиган юрак хасталиклари билан боғлиқ мингдан зиёд операция ўтказдик. Шунча болага, уларнинг оиласига қувонч бағишлаганимиздан ғурурланамиз. Ана шу хизматларимизни эътиборга олиб, давлат мукофотига лойиқ кўрган Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев ва давлат мукофоти билан тақдирланган тиббиёт ходимлари соҳа амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Тантанали маросимда юртимиз санъат усталари ва ёшлар томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ ва Ж.ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА