Пойтахтимизда 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу байрам Тошкент шаҳри марказида юртимиз маданияти ва санъатида ўзига хос ўрин тутган тарихий бино – собиқ Свердлов номли концерт зали биноси негизида қайтадан барпо этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари саройининг тантанали очилиши билан уйғун нишонланди.
Байрам тадбирига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, турли ташкилот ва идоралар, вазирликларнинг мутасаддилари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари, турли соҳаларда фаолият олиб бораётган касаба уюшмалари фаоллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан соҳа фаолларига йўллаган байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов ўқиб эшиттирди.
Юртбошимиз табригида таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоялаш, уларни кучли ижтимоий муҳофаза этишнинг янгича тизими яратилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси давлат ва халқ ўртасидаги мустаҳкам ва ишончли кўприкка айланиб бормоқда.
Мазкур жамоат тузилмаси томонидан юртимизда кечаётган янгиланишларни қўллаб-қувватловчи, ижтимоий-маърифий лойиҳалар олиб борилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси энг етакчи жамоат ташкилоти сифатида майдонга чиқишида, халқда янада кўпроқ обрў-эътибор қозонишида асосий омил бўлмоқда. Табрикда қайд этилганидек, бундан буён 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонланиши билан бирга меҳнаткашлар учун дам олиш куни деб белгиланди.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Инсон қадри учун!” ғоясини дадил амалга оширишда муносиб ҳисса қўшаётган энг фаол жамоат тузилмасига айланди. Ушбу ташкилот меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялашда тизимли ишларни амалга оширмоқда.
– Ушбу тадбирда Президентимизнинг табригини диққат билан тингладик, – деди Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров. – Тўйга тўёна бўлганидек, ушбу муҳташам бинонинг қайта очилгани барчамизга катта мамнуният бағишлайди. Бу ерда бир пайтлар устозларимиз, жаҳон юлдузлари ўз санъатини намойиш этган эдилар. Ушбу санъат масканининг яна қайтадан тиклангани меҳнатсевар халқимиз, миллий санъатимизга бўлган эътиборнинг ёрқин намунасидир.
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси “Дўстлар клуби” аъзоси сифатида “Баҳор” рақс ансамблини ҳам доимий қўллаб-қувватлашга эътибор қаратмоқда, – деди устоз раққоса, Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева. – Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида қайта тикланган мазкур бинонинг Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи сифатида фаолият бошлагани, унда эл суйган санъаткорлар яна ўз маҳоратини намойиш этиши халқимиз учун катта туҳфа бўлди.
Кейинги йилларда Ватан равнақи, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракати ривожига муносиб ҳисса қўшган энг фаол, фидойи ва ташаббускор ҳамюртларимиз меҳнатини рағбатлантириш яхши анъанага айланди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан амалга оширилган турли ижтимоий лойиҳалар ва кўрик-танловлар ғолиблари тақдирланди.
Дастлаб болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш мавсуми ташкилотчилари, хусусан, “Энг намунали стационар болалар оромгоҳи” сифатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти тасарруфидаги “Ишонч” болалар соғломлаштириш оромгоҳи, Федерациянинг Сурхондарё вилояти кенгаши тасарруфидаги “Бешбулоқ-Сурхон-Шеробод” болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳамда “Ўзбекнефтегаз” акциядорлик жамиятининг “Муборак газни қайта ишлаш заводи” тасарруфидаги “Ниҳол” болалар соғломлаштириш оромгоҳига мукофотлар топширилди.
Шундан сўнг, “Болалар оромгоҳини намунали ташкил этган корхона” номинациясида ғолиб топилган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, “Болаларнинг ёзги соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этган ҳудуд” номинациясида ғолиб бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Тошкент шаҳар кенгаши, “Ёз мавсумида фаол иштирок этган ишчи гуруҳ” номинациясида ғолибликни қўлга киритган Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, алоқа, транспорт хизмати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ишчи гуруҳи тақдирланди. Барча ғолибларга диплом, статуэтка ва ноутбуклар топширилди.
Ватанимиз тараққиёти йўлидаги янгиланишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди. Уларга “Эҳтиром” нишони, энг кам ойлик иш ҳақининг 3 ярим баробаридаги пул мукофоти ва гувоҳнома топширилди.
Маълумки, ўтган йили “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофоти таъсис этилганди. Бу мукофот кўп йиллик самарали меҳнатлари учун соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини оширишга ҳисса қўшаётган юртдошларимизни тақдирлаш учун таъсис этилган. Тантанали тадбирда ушбу мукофотлар ҳам ўз эгаларига топширилди.
Шундан сўнг касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийлар, Даволаш профилактика марказида меҳнат қилаётган энг фидойи ходимлар “Энг яхши шифокор”, “Энг яхши ҳамшира”, “Энг яхши пазанда”, “Энг яхши санаторий” номинацияларда рағбатлантирилди. Шунингдек, ҳамкорлар ва тизимдаги ташкилотларда алоҳида фаоллик кўрсатган йилнинг энг яхши ходимлари “Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари”, “Энг яхши қурувчи”, “Энг яхши муҳандис”, “Энг яхши қурилиш назоратчиси”, “Энг яхши лойиҳачи”, “Энг намунали қурилиш ходими”, “Энг яхши ўқитувчи”, “Энг яхши журналист”, “Энг яхши ҳудудий мухбир”, “Энг яхши спортчи” номинацияларида тақдирландилар.
Уларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. “Энг яхши санаторий” номинацияси ғолиби бўлган Абу Али ибн Сино санаторийсига эса Федерациянинг Санатор-курорт бошқармаси маблағлари ҳисобидан 100 миллион сўм ажратилди.
Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида жорий этилган “Аёллар дафтари” ижтимоий лойиҳаси халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотиб, ибрат бўлмоқда. Шу йилнинг май-октябрь ойларида “Аёллар дафтари” тизими орқали 626 минг 910 нафар (97,2 фоиз) хотин-қизга амалий кўмак кўрсатилди. Жумладан, 210 минг 635 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. 42 минг 709 нафар хотин-қизнинг кредит олиши таъминланиб, ўз тадбиркорлигини бошлашга имкон яратилди.
Бу эзгу ишларда барчага ўрнак бўлаётган, аёллар муаммолари ҳал этилишига салмоқли ҳисса қўшаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан юртимиз маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўртасида “Энг яхши маҳалла раиси”, ҳудудлардаги сектор раҳбарлари ўртасида “Энг яхши сектор раҳбари”, гендер сиёсати ва юртимиз ҳаётидаги аёллар ролини ошириш борасидаги ишларни намунали ташкил этган корхона раҳбарлари ўртасида “Энг намунали иш берувчи аёл”, бандликни таъминлаш ва тадбиркорлик ривожида муносиб ҳисса қўшаётган ҳоким ёрдамчиларини тақдирлаш мақсадида “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловлари таъсис этилди.
Шу билан бирга ёшлар муаммоларини ҳал этишга ҳисса қўшаётган ёшлар етакчиси учун “Энг яхши ёшлар етакчиси”, маҳаллалардаги фаол хотин-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” танловлари ўтказилди.
Ушбу танловларда 3-ўринни қўлга киритган ғолибларга III-даражали диплом, Президент совғаси сифатида “Спарк” автомобили, 2-ўринга муносиб бўлган ғолибларга II-даражали диплом ва Президент совғаси – “Кобальт” автомобили, 1-ўринни қўлга киритган ғолибларга эса I-даражали диплом ва Президент совғаси сифатида “Жентра” автомобилларининг калитлари топширилди. Санъат усталарининг катта концерти намойиш этилди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов, Бош вазирининг ўринбосари, Оила ва хотин
-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА