«Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков бошчилигидаги экспертлар Европа давлатларининг тадқиқот марказлари тажрибасини ўрганиш, етакчи «ақл марказлари» билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида Швецияда бўлиб турибди.

Марказ ахборот хизматидан маълум қилинишича, ташриф асносида Ўзбекистон ва минтақамиздаги жараёнларга қизиқиш билдираётган сиёсатчилар, парламент аъзолари, дипломатик корпус ва бизнес вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, таҳлил муассасалари тадқиқотчи-экспертлари билан қатор учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Жумладан, 31 октябрь куни Марказ делегацияси Швеция пойтахти Стокгольм шаҳрида «Глобал сув ҳамкорлиги» (Global Water Partnership) ташкилотининг бош ижрочи директори Дарио Сото-Абрил билан учрашув ўтказди.

Учрашув Ўзбекистон Республикасининг Швеция Қироллигидаги элчихонаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида ташкил этилди. Унда «Тараққиёт стратегияси» маркази раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистонда экология, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бу борада аҳолининг хабардорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларга батафсил тўхталиб ўтди.

«Глобал сув ҳамкорлиги» ташкилоти бош ижрочи директори Дарио Сото-Абрил сув ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамиятига тўхталиб, бу жараён ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бевосита боғлиқлиги, хусусан, бунда ташкилот жаҳоннинг етмишдан ортиқ давлати билан турли лойиҳаларни амалга ошираётганини таъкидлаб ўтди.

Ўз ўрнида Дарио Сото-Абрил Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазаси, сув, ер ва бошқа ресурслардан самарали фойдаланиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларга ижобий баҳо берди ва тўла қўллаб-қувватлашини қайд этди.

Ундан ташқари, Дарио Сото-Абрил Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган фаол прагматик ташқи сиёсат, айниқса, сув ресурсларидан самарали фойдаланишни минтақавий даражада илгари сураётган ташаббуслар, трансчегаравий ҳамкорликнинг ривожланаётгани, сувдан самарали фойдаланиш бўйича давлатлар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ривож топаётганини алоҳида эътироф этди.

Таъкидлаш жоизки, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида ҳам тўла акс этган. Ўзбекистон ҳам дунёнинг бошқа мамлакатлари қаторида барқарор, кенг қамровли ва изчил иқтисодий ўсиш, ижтимоий интеграция ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, сайёрада тинчлик ҳамда хавфсизликни таъминлашга кўмаклашиш мажбуриятини олган.

Учрашув сўнгида «Глобал сув ҳамкорлиги» ташкилоти ҳамда «Тараққиёт стратегияси» маркази ҳамкорлигида экология, атроф-муҳит, табиий ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мазкур соҳада фаолият юритаётган давлат ва нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда хусусий сектор учун малака ва кўникмаларини ошириш бўйича турли тренинглар ташкил этишга келишиб олинди.

ЎзА