Сайхунобод туманида Сирдарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Унда асосий эътибор иш жойларини кўпайтириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Сирдарё вилоятида 35 минг нафар ишсиз, 42 минг нафар чет элга ишга кетганлар бор. Меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни ҳам ҳисобга олиб, 100 минг иш ўрни яратиш зарур. Бунинг учун пахта майдонлари қисқартирилиб, бу ерлар аҳолига бўлиб берилиши қайд этилди.

Бироқ, бу қисқариш ўрнини ҳосилдорликни 2-3 баравар ошириш ҳисобидан қоплаш, Пахтачилик кенгаши ва олимлар билан ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Озиқ-овқат етиштирувчи деҳқонларнинг кредити учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилмоқда. Энди деҳқонлар 150 миллион сўмгача гаровсиз кредит олади. Булар келгуси йилда Сирдарё аҳолиси учун 45 минг иш ўрни яратишга замин бўлади.

Шунингдек, 5 минг гектар экин майдонида суғориш тизимини яхшилашга бюджетдан 40 миллиард сўм ажратилади.

Ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари, чорва ва парранда етиштириш учун жуда катта имкониятлар бор. Шу боис келгуси йилда 1 триллион сўмлик паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш, гўшт ва тухум маҳсулотлари ҳажмини 2 баравар ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда 1,7 миллиард долларлик 858 та инвестиция лойиҳалари ҳисобига 20 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган.

– Ҳар куни қайсидир масаланинг ичига кириб, қийин бўлса ҳам маблағини топиб, қарор қилиб бераяпмиз. Бугун яна ким масала қўйса, уни ҳам ечиб бераман. Қайси ҳоким ҳисоб-китоб билан аниқ режа қўйиб, ишларни тизимли йўлга қўйса, албатта натижа бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосарлари иш ўринларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани яхшилаш режалари юзасидан ахборот берди.