2022 йил 16 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлди.

Бугунги кунда дунёдаги нуфузли халқаро тузилмага айланган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йил 15 июнда Шанхай шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон имзолаган декларация асосида ташкил этилган. Ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар, энергетика, транспорт ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзи қамраган минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш Ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига асос солган давлатлардан бири сифатида унинг фаолиятида муҳим ва фаол роль ўйнамоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ШҲТнинг халқаро нуфузини ва салоҳиятини юксалтиришга, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамиша хизмат қилиб келган.

Мамлакатимиз шу пайтгача ШҲТга 2003-2004, 2009-2010 ҳамда 2015-2016 йилларда раислик қилган. Ўзбекистоннинг тўртинчи – 2021-2022 йиллардаги раислиги қизғинлиги, мазмундорлиги ва натижага қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Самарқанд мезбонлик қилаётган ШҲТнинг бу галги саммити ҳам анъанага кўра, ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви билан бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган учрашувда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этди.

Самарқанд саммити кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг 2021-2022 йилларда ШҲТга раислиги натижалари юзасидан ахборот берди. Қайд этилганидек, бу даврда 80 дан ортиқ йирик тадбир ўтказилди. Пандемиянинг мураккаб оқибатлари ва янги хавф-хатарларга қарамай, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги режаси тўлиқ бажарилди.

Саммитда имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилди. Уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этган.

Президентимиз ШҲТ тарихан қисқа даврда минтақавий ва глобал жараёнларнинг таъсирчан иштирокчисига айланганини таъкидлади. Хавфсизлик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида, ташкилотнинг барқарорлаштирувчи роли кучайиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини, очиқлик ва кенг ҳамкорликка қаратилган руҳини сақлаш, муроса, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига амал қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шуларни ҳисобга олиб ҳамда ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шерикликнинг самарали тажрибасига таяниб, давлатимиз раҳбари яқин йилларда ҳамкорликнинг асосий йўналишларидаги устувор вазифаларни ҳал этишга доир аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, ШҲТ фаолиятини бугунги воқеликка мослаштириш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, маданий-гуманитар алоқаларга тўхталиб ўтилди. Хавфсизлик муаммолари ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.

Президентимиз ШҲТ келажаги ва мамлакатларимиз ривожи кўп жиҳатдан баҳамжиҳат ва самарали ишлашга боғлиқ эканини таъкидлади. “Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида, мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз”, – дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Аъзо давлатлар етакчилари ўз чиқишларида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига тўхталиб ўтдилар. Самарқанд саммити алоҳида, тарихий аҳамиятга эга экани қайд этилди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси кузатувчи мамлакатлар, фахрий меҳмонлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Саммит бундай кенг форматда – 14 та мамлакат етакчилари иштирокида биринчи марта ўтмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган Давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Ташкилотга аъзо мамлакатлар ва унинг тузилмалари етакчилари билан бирга ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар раҳбарлари ва саммитнинг фахрий меҳмонлари – Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, шу жумладан, БМТ Бош котибининг ўринбосари Розмари ДиКарло қатнашди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ташкилотга Ўзбекистон раислиги даврида ШҲТ доирасида ахборот-коммуникация технологиялари, озиқ-овқат хавфсизлиги ва камбағалликни қисқартириш каби соҳалардаги ҳамкорликнинг янги формат ва механизмлари ишга туширилганини таъкидлади.

Иқтисодиёт, саноат, инновациялар, туризм, соғлиқни сақлаш, халқ дипломатияси, гендер тенглиги ва аёллар тадбиркорлигини илгари суриш борасидаги долзарб масалалар бўйича форумлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Мамлакатимиз етакчиси ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан аниқ таклифлар ва амалий ташаббусларни илгари сурди.

Энг аввало, ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва очиқлигини, кенг халқаро ҳамкорликка йўналтирилганини сақлаб қолиш, хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига риоя қилиш муҳимдир. Марказий Осиё бундан буён ҳам ШҲТнинг «географик ядроси» бўлиб қолиши керак.

“Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. “Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, давлатимиз раҳбари ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш таклифини билдирди. Ушбу дастурий ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча жабҳаларини қамраб олиш, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришга қаратилган.

Иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, аъзо мамлакатларнинг махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш, ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш ва унинг негизида ягона электрон платформа яратиш таклифлари илгари сурилди.

Жаҳондаги озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози ШҲТда бу борада фаол ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Президенти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ва келгуси йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклифини билдирди.

ШҲТ маконида транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Шавкат Мирзиёев Саммит доирасида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама битим имзоланганини тарихий воқеа сифатида баҳолаб, иштирокчиларни стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди.

Шу ва бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистон ШҲТнинг Биринчи транспорт форумини ўтказиш ва унинг якунида Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга тайёрлиги айтилди.

Давлатимиз раҳбари экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузишни таклиф этди. Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, шу жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечимлар ва молиявий маблағлар жалб қилишга кўмаклашади.

Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти бу борадаги устувор вазифалар қаторида мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, хавфсизликка таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш ҳамда уларга тезкорликда жавоб қайтариш бўйича ШҲТ МАТТ фаолияти самарадорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.

Шу билан бирга, ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш таклиф этилди. Дунёда радикализмнинг ўсиши хавфли тенденцияга айланаётган ҳозирги шароитда бу айниқса муҳимдир.

Давлатимиз раҳбари афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтож экани, ўтмишдаги хатоларни такрорламаслик кераклигини таъкидлади.

Шу муносабат билан Термиз шаҳридаги транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фонд таъсис этиш таклиф қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асоси эканини таъкидлади. Маданиятлар ва анъаналар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш миллионлаб одамларга дўстона мулоқот ва ўзаро алмашувнинг янги имкониятларини очиб беради.

Шу маънода, давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар каби ҳамкорликнинг қўшимча форматларни яратишга чақирди. Маданиятлараро мулоқотнинг рақамли шакллари: виртуал музейлар ва ижодий кўргазмалар, илмий конференциялар ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликка янги суръат бағишлаш учун 2023 йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилиш таклиф этилди.

Ўзбекистон раҳбари Самарқанд қадим-қадимдан Шарқий Осиёдан то Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Европагача бўлган маконда яшайдиган халқлар ўртасида маънавий, иқтисодий, маданий ва илмий алмашувларнинг маркази бўлиб келганини таъкидлади.

Шу боис умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида Самарқанд бирдамлиги ташаббусини илгари сурди. Унинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндашув ва қарорларни излашга тайёр, “Самарқанд руҳи” тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал мулоқотга жалб қилишдир.

Ушбу ташаббусни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун келгуси йилда сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида Самарқанд халқаро форуми ўтказилади.

Давлатимиз раҳбари нутқининг якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмак учун ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатларга самимий миннатдорлик билдирди.

“Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг янада изчил ривожланишига ҳамда нуфузи юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мажлисда аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар ҳамда БМТ ва ШҲТ раҳбарлари сўзга чиқди.

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Самарқанд декларацияси тадбирнинг бош якуний ҳужжати бўлди.

Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткичдир. Жумладан:

– ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ муддатли яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома қоидаларини 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс ҳаракатлар режаси тўғрисида;

– ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш бўйича концепцияси тўғрисида;

– “ШҲТнинг эзгу ният элчиси” фахрий унвони тўғрисидаги низом тўғрисида;

– ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улушини босқичма-босқич ошириш бўйича “йўл харитаси” тўғрисида;

– Эроннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзолангани тўғрисида;

– Беларусь Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш жараёнини бошлаш тўғрисида;

– Мальдив Республикаси, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Мьянма Иттифоқи Республикаси, Қувайт Давлатига ШҲТнинг мулоқот бўйича шериги мақомини бериш тўғрисида;

– Варанаси шаҳрини (Ҳиндистон) 2022-2023 йилларда ШҲТнинг туризм ва маданий пойтахти деб эълон қилиш тўғрисида;

– ШҲТ котибияти ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича БМТ (ЮНЕСКО) ўртасида меморандумни имзолаш тўғрисида;

– ШҲТ Бош котибининг ташкилотнинг ўтган йилги фаолияти ҳамда ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Кенгашининг 2021 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари ҳақида;

– ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши қарорларининг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида;

– ШҲТ фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг:

– иқлим ўзгаришига нисбатан жавоб ҳаракатлари тўғрисида;

– ишончли, барқарор ва диверсификациялашган етказиб бериш занжирларини таъминлаш тўғрисида;

– глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида;

– энергетик хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги баёнотлари қабул қилинди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

– Эроннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум;

– ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида хизматлар савдоси соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳадли асослари;

– ШҲТ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида музей иши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум;

– ШҲТ мамлакатларининг ваколатли органлари ўртасида ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;

– ШҲТ мамлакатларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури;

– ШҲТ мамлакатларини инфратузилмавий ривожлантириш дастури;

– ШҲТ мамлакатларининг ишбилармон доиралари ўртасидаги саноат кооперациясини рағбатлантириш дастури;

– Рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича ШҲТ дастури;

– ШҲТга аъзо давлатларнинг сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлиги дастури;

– ШҲТга аъзо давлатларнинг тиббиёт ташкилотлари ўртасида юқумли касалликларни профилактика қилиш ва даволаш масалаларида ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”;

– ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида устувор йўналишлардаги илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳаракатлар режаси (2022-2025 йилларда);

– ШҲТда минтақа ичидаги савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси;

– ШҲТ мамлакатларининг телемедицина соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси;

– ШҲТ мамлакатларининг “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлиги концепцияси;

– ШҲТ ва Араб давлатлари лигаси котибиятлари ўртасида меморандум;

– ШҲТ котибияти ва Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича БМТ (ЮНЕСКО) ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум;

– ШҲТ котибияти билан Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАТО) ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.

Шу билан Ўзбекистонинг ШҲТга бу галги раислиги якунланди ва раислик илк бор Ҳиндистон Республикасига ўтди.

Мажлис якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов ҳамда ШҲТ бош котиби Чжан Мин иштирокида брифинг ўтказилди ва унда Самарқанд саммити натижалари, унда муҳокама этилган масалалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқандда ўтказилган саммити бир қатор жиҳатлари билан тарихий аҳамиятга эга бўлди. Бу аввало, Давлат раҳбарлари кенгашининг пандемия бошлангандан буён ўтган уч йил ичида илк бор барча аъзо мамлакатлар етакчиларининг тўлиқ таркибда юзма-юз мулоқот қилгани, кузатувчи ва меҳмон мамлакатлар сони ошгани билан боғлиқ бўлди. Шунингдек, йиғилишда илк бор 40 дан ортиқ ҳужжат кўриб чиқилди. Ташкилотни кенгайтириш, янги аъзолар қабул қилиш, мулоқот бўйича шерик мақомини бериш юзасидан қарорлар имзоланди. Муҳими, ШҲТ маконида бирдамлик, ҳамкорлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар билдирилди ҳамда уларни амалга оширишга якдиллик билдирилди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Ғолиб ҲАСАНОВ,

ЎзА махсус мухбирлари