Тошкент шаҳрида “ШҲТга аъзо мамлакатлар минтақалараро савдосини ривожлантириш истиқболи” мавзусида форум бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз раислигида ташкил этилган анжуманда Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев тузилма доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун зарур бўлган энг муҳим жиҳатларга тўхталди:
– Мазкур форумнинг нуфузи йил сайин ошмоқда. Тадбирда қатнашганлар сони юз нафардан ортганини инобатга олиб, ташкилотга аъзо мамлакатлар янги ҳудудларини шерикликнинг ушбу форматига мунтазам жалб қилиб бориши керак.
Биринчи навбатда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Бугун бирмунча беқарор, тез ўзгарувчан дунёда, муаммолар даврида яшаяпмиз. Олдимизда бажарилиши керак бўлган вазифалар бисёр. Масалаларни ҳал этишга қодир ҳаракатлантирувчи куч – айнан ҳудудлар. Шу маънода энг устувор йўналишларда минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш тадбирнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Пандемия давом этаётганига қарамай, Ўзбекистон билан ШҲТ мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо кўрсаткичи изчил ўсяпти.
Республикамизнинг ташкилотга аъзо давлатлар билан савдо-сотиқ 2021 йил 24 фоиз ошди ва 21 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг биринчи ярмида маҳсулот айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортиб, 12 миллиард долларни ташкил этди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ШҲТнинг Душанбе саммитида илгари сурилган 2023-2025 йилларга мўлжалланган Ташкилот доирасида минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси Самарқандда бўлиб ўтадиган Саммитда тасдиқланиши ва қабул қилинишини кутяпмиз.
Ўзбекистонда ШҲТга аъзо мамлакатлар иштирокидаги корхоналар сўнгги бир неча йил ичида 4 баробар кўпайганини алоҳида қайд этиш керак. Мамлакатимизга жалб қилинган инвестиция миқдори ўтган йил охирида 4,6 миллиард долларни кўрсатди. Бу жами хорижий инвестициянинг ярмидан кўпи, дегани.
Ушбу натижалар қўшма бизнесни йўлга қўйиш ҳар томонлама фойдали эканидан далолат. Зеро, иқтисодий рақобат кескин кучайиб бориши шароитида саъй-ҳаракатни янада фаоллаштириш жуда муҳим.
Самарқанд шаҳрида янги лойиҳалар учун самарали майдонга айланиши кутилаётган “Ўзбекистон – ШҲТ” саноат зонаси барпо этилмоқда. Мазкур ҳудудда ШҲТ инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш маркази ташкил қилинади. Бу жараёндаги асосий вазифа самарадор ташаббусларни илгари суриш ва ҳаётга татбиқ этиш орқали мамлакатларимизнинг саноат, инфратузилма, хомашё ва инсон салоҳиятини умумий мақсадимиз йўлида сафарбар этишдан иборат.
Яна бир йўналиш – озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича қишлоқ иқтисодиётини фаоллаштириш.
Ривожланган умумий агросаноат мажмуасини шакллантириш ШҲТ ҳудуди аҳолисига сифатли озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бериш, ташкилотнинг жаҳон қишлоқ хўжалиги бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашда асосий омиллардан биридир.
Аъзо мамлакатларнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан зиёд. Бу жуда улкан, тасаввур қилиш мушкул салоҳиятга эга ҳудуд. Агросаноат корхоналаримиз ўртасида тизимли, тўғридан-тўғри ва қулай ҳамкорлик ўрнатиш учун ҳамма шарт-шароитни яратиш устувор вазифамиз.
Шу боис 2022 йил охирига қадар аниқ ташаббусларни илгари суриш, жумладан, ШҲТнинг 2023-2025 йилларга мўлжалланган қўшма қишлоқ хўжалиги минтақавий дастурини ишлаб чиқиш ва белгиланган режани тизимли равишда амалга ошириш механизмини яратиш таклиф этилади.
Учинчи муҳим йўналиш – бу туризм.
Мамлакатларимизда мислсиз туристик имконият мавжуд, юзлаб ноёб тарихий ва маданий манзилларимиз, табиий ва меъморий ёдгорликларимиз бор.
Экологик, соғломлаштириш ва зиёрат туризмини фаол ривожлантиришда, айнан, ҳудудлар ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини, сайёҳларга замонавий ва қулай шароит тақдим эта олишини яна бир бор эслатмоқчиман.
Илғор ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш қамрови ошиб бораётганини инобатга олиб, виртуал саёҳат ёки масофавий хизмат тақдим этиш орқали харажатни камайтириш, халқаро тажрибани ошириш мумкин, деган фикрдамиз.
Ҳар йили ШҲТнинг Минтақавий туризм форумини ўтказиш анъанасига асос солиш лозим. Эпидемиологик тартиб-қоидага қатъий риоя қилган ҳолда илк анжуманни 2023 йил март ойида Бухорода уюштириш таклифини киритмоқчимиз.
Ишончим комилки, юқоридаги ташаббусларни амалга ошириш келажакда ҳудудларимиз иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожланишига, аҳоли фаровонлиги, турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.
ЎзА мухбирлари Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ ва
Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ ёзиб олди.
ЎзА