Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, гўшт, балиқ, сут маҳсулотлари, мева, ўсимлик ёғи каби 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини божхона божларидан озод қилиш муддати 2023 йил 1 январга қадар узайтирилди. Шунингдек, озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилиб, давлат харидларида озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилиш бўйича чекловлар вақтинча бекор қилинмоқда.

– 2022 йилда озиқ-овқат саноати йўналишида 295,7 миллиард  сўмлик 73 та лойиҳа амалга ошириш орқали қўшимча 1614 та янги иш ўрни яратилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ерполат Еденбоев. – Шунингдек, 2022-2023 йилларда Тўрткўл ва Амударё туманларида умумий қиймати 14,7 миллиард сўмлик қуввати 14 минг тонна бўлган 2 та замонавий агрологистика маркази ташкил этилади.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан қурилиш учун ер майдонлари ажратилиб берилди. Амударё туманидаги “Амударё томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳани амалга ошириш бўйича қурилиш ишлари 95 фоизга бажарилган ва бугунги кунда асбоб-ускуналарни ўрнатиш, Тўрткўл туманида агрологистика марказларини ташкил этиш бўйича қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

2022-2023 йилларда озиқ-овқат саноати йўналишида 961,1 миллиард сўмлик 134 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилди. Шундан, 14,5 минг тонна қувватли 8 та мева-сабзавот ва узумни қайта ишлаш, 17,1 минг тонна қувватли 22 та совиткичли омборхона, 10,2 минг тонна қувватдаги 14 та гўшт ва сутни қайта ишлаш ва 194,9 минг тонна қувватдаги 90 та бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган.

Бугунги кунда озиқ-овқат саноати йўналишида 18 та лойиҳа ишга туширилиб, 153 та янги иш ўрни яратилди. Шундан қуввати 1,8 минг тонна бўлган 3 та сутни қайта ишлаш, қуввати 500 тонна бўлган 1та совиткичли омборхона, қуввати 26,1 минг тонна бўлган 14 та бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар ишга туширилди. Озиқ-овқат саноати йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига мева-сабзавотни қайта ишловчи корхоналар қуввати 36,4 минг тоннани, гўшт ва сутни қайта ишлаш қуввати 23,5 минг тоннани, мева-сабзавотларни совиткичли ва сақлов сиғимларидаги сақлаш қуввати 65,6 минг тоннани ташкил этиб, бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш 749 минг тоннага ошади.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 32 минг тонна кунжут дони етиштирилиб, Тўрткўл, Беруний, Қонликўл ва Чимбой туманларидаги  7 та корхонада қайта ишланади. 2022 йилда 34,1 минг тонна, қиймати 20,5 миллион АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотини чет давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган. Шундан январь-апрель ойларида 13,1 минг тонна, қиймати 3,6 миллион АҚШ долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулоти экспорт қилинди.

2022-2024 йилларда аграр ва озиқ-овқат соҳасида қиймати 4 триллион 220 миллиард сўмлик 497 та лойиҳа амалга оширилиши ва 13 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 87,6  миллиард сўмлик паррандачилик, чорвачилик, озиқ-овқат йўналишида, иссиқхоналар, агрокластерлар ташкил этиш бўйича 49 та лойиҳа амалга оширилди ва 434 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, жаҳон банки иштирокидаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш лойиҳаси” ҳисобидан 5 миллион долларлик 16 та лойиҳани молиялаштириш режалаштирилган. Бугунги кунда тадбиркорлар ва тижорат банклари томонидан кредит ҳужжатлари расмийлаштирилмоқда.

2021-2022 йил қиш-баҳор мавсуми учун тайёрловчи корхоналар томонидан 40,3 минг тонна, шундан, 8,8 минг тонна картошка, 5,7 минг тонна пиёз, 11,2 минг тонна сабзи ва 14,6 минг тонна гуруч захирага жамғарилди. Жамғарилган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари февраль ойидан бошлаб график асосида деҳқон бозорларига тўлиқ савдога чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасига бириктирилган вилоятлардан жами 9540 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, шу орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш вазифаси белгиланди. Шундан бугунги кунга вилоятлардан 1290,9 тонна картошка, 883,1 тонна пиёз, 646,9 тонна сабзи, 531,3 тонна сабзавот, 283,9 тонна мева, 592,2 тонна полиз, 58,6 тонна узум, 1658,7 тонна ун, ўсимлик ёғи, гуруч, макарон каби маҳсулотлар етказиб берилди. Жумладан, Самарқанд вилоятидан Нукус туманига 838,3, Сурхондарё вилоятидан Тахиатош туманига 504,5, Фарғона вилоятидан Бўзатов туманига 199,4, Андижон вилоятидан Кегайли туманига 501,3, Тошкент вилоятидан Мўйноқ туманига 174,7, Навоий вилоятидан Чимбой туманига  291,9, Наманган вилоятидан Қораўзак туманига 399,2, Жиззах вилоятидан Тахтакўпирга 383, Қашқадарё вилоятидан Қўнғиротга  229, Бухородан Хўжайли туманига 525,2, Хоразмдан Шўманойга 802,2, Сирдарё вилоятидан Қонликўл туманига 217,7, Тошкент шаҳридан Нукус шаҳрига 143,1 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари олиб келиниб, ярмаркалар ташкил этилди.

Оролбўйи аҳолисини узлуксиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадидаги ишлар давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА