Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди

Мажлисда дастлаб “Электрон далиллар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ушбу қонун лойиҳаси бўйича депутат Расул Кушербоев атрофлича маълумот берди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан электрон далилларга қандай ҳужжатлар, маълумотлар киритилиши белгиланмоқда. Яъни, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвирлардан иборат маълумотлар электрон далиллар ҳисобланиши назарда тутилмоқда.

Муҳокама давомида депутатлар лойиҳа юзасидан фикрларини, айрим эътирозларни билдирди. Ундаги айрим моддаларни қайта ишлаш бўйича таклифлар айтилди. ЎзМТДП фракцияси вакиллари лойиҳани масъул қўмитага қайтариш ва янада такомиллаштириш зарурлигини билдирди. Билдирилган фикрлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси масъул қўмитага қайтарилди.

Электрон тижоратга оид муносабатлар

Шундан сўнг мажлисда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

– Мазкур ҳужжат жорий йилнинг 15 март куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган эди, – деди қонун лойиҳаси юзасидан маъруза қилган депутат Шоҳиста Турғунова. – Ўтган вақт мобайнида қонун лойиҳаси депутатлар берган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилди. Ҳаволаки нормалар лойиҳадан чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди. Қонун лойиҳасида электрон ҳужжатларнинг юридик кучи, офертага қўйиладиган талаблар, электрон ҳужжатларни сақлаш хусусиятлари, электрон битимни амалга ошириш тартиби, электрон шартномаларни тузиш шартларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, электрон тижоратда харидорнинг шартлари тўлиқ қондирилмагунча ахборот тизимида пул маблағларини ушлаб туриш имкониятини берувчи пулни депонентлаш тизимини жорий қилиш, юридик шахслар билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон тижорат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳа ривожига ҳисса қўшиш билан бир қаторда, унинг иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солади, – деди маърузачи.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан яна бир қатор таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди, саволлар берилди. Қизғин муҳокамалан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланиб, қабул қилинди.

Кўчмас мулкка доир ҳуқуқлар такомиллаштирилади

Мажлисда депутатлар томонидан “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

– Мазкур қонун лойиҳаси кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ бўлган қоидаларнинг ўзаро мувофиқлаштирилмаган нормаларини бартараф этишга, бир-бирига зид атамалар ҳамда тушунчаларнинг бирхиллигини таъминлашга хизмат қилади, – деди лойиҳа юзасидан маъруза қилган депутат Равшанбек Бегматов. –Қонун лойиҳасида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар давлат реестри, рўйхатдан ўтказиш ишини ва бизнес жараёнларни электрон шаклда ахборот тизимлари орқали юритиш назарда тутилмоқда. Шунингдек, мулкдорнинг қарори ёки мулкдорларнинг битими асосида кўчмас мулкларни бўлиш ва қўшиш механизмларини жорий этиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишни рад этиш асосларининг аниқ рўйхати белгиланмоқда.

Бундан ташқари, ваколатли органлар қарори асосида кўчмас мулкка тақиқ қўйилганда, бу ҳақда ҳуқуқ эгаларини хабардор этиш кўзда тутилмоқда. Қонун лойиҳаси бўйича фракцияларнинг позициялари, таклифлари олиниб, лойиҳа янада такомиллаштирилди.

Қонун лойиҳаси моддама-модда қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Никоҳни кайд этишнинг бир ойлик муддати ўзгарадими?

Оила халқимизда энг муқаддас маскан сифатида қадрланади. Оила билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида мукаммал ифодасини топган. Чорак асрдан ортиқ даврдан буён ушбу кодекс фаол ишлаб келмоқда.

Эндиликда Ўзбекистан Республикаси Оила кодексининг тегишли моддаларига ўзгартишлар киритилиб, никоҳни кайд этишнинг бир ойлик муддати ва уни кисқартириш учун асос бўлувчи ҳолатлар бекор қилинмоқда. Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди. Бу бўйича Адлия вазири Русланбек Давлетов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан никоҳланувчи шахслар мажбурий тиббий кўрикдан ўтганларидан сўнг никоҳни расмийлаштириш тартиби белгиланмокда. Амалдаги Оила кодексига кўра, никоҳланувчилар ФҲДЁ органларига ариза берганларидан кейин 1 ой ўтгач, уларнинг никоҳи қайд қилинади. Ушбу вақт доирасида никоҳланувчилар мажбурий тиббий кўрикдан ўтишади. Алоҳида ҳолларда (хомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар) ушбу муддатдан олдин рухсат берилиши мумкин.

Ушбу муддатни кискартириш учун асос булувчи ҳолатлар аниқ белгиланмаганлиги сабабли қонун нормаси амалиётда турлича кўлланилмокда. Шу билан бирга, бугунги кунда никоҳни қайд этиш билан боғлиқ қатор салбий ҳолатлар учрамоқда. Масалан, 2021 йилда қайд этилган 305 мингта никоҳнинг 50 мингга яқини бир ой ўтмасдан қайд этилган.

Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича қатор саволлар билан мурожаат қилди, таклифларини билдирди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинган навбатдаги масала “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Ички ишлар вазири ўринбосари Яхёбек Абдулҳақов маъруза қилди.

– Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга, улар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан қонуний таъсир кўрсатиш чоралари сифатида “ҳимоя ордери” институти жорий этилди. Қонунчиликка мувофиқ, ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига тақдим этилади. Унинг нусхаси тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга берилади.

Мазкур шахслар ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилинади. Қолаверса, ҳимоя ордери талабларини бажармаслик, амалдаги қонунчиликка кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бироқ, тегишли жавобгарлик белгиланган бўлишига қарамасдан, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармасдан хотин-қизларга нисбатан такроран тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2061-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси билан ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Амалда ҳимоя ордери талабларини бажармаслик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима белгиланган. Эндиликда эса ушбу миқдорни беш бараваридан ўн бараваригача этиб белгилаш таклиф қилинмоқда. Жарима миқдорининг оширилиши тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бижарилишига, хотин-қизлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг таъминланишига хизмат қилади.

Мазкур ҳужжат юзасидан сўз олган депутатлар ўз фикр ва таклифларини билдирди. Жумладан, депутат Наврўз Юсупов инсон ҳуқуқлари муҳим эканлигини қайд этиб, лойиҳада тазйиқ ўтказиш ва зўравонликни такрор содир этганлик учун жавобгарлик масаласи мавжуд эмаслигини билдирди. Бунга жавобан вазир ўринбосари такрорий ҳолатлар 2-3 фоизни ҳам ташкил қилмаслигини маълум қилди.

Қонун лойиҳаси билдирилган таклифлар, мулоҳазалар асосида маъқулланиб, қабул қилинди.

Парламент қуйи палатаси мажлиси кун тартибидаги барча масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА