Ўн етти йил газ тармоғида фаолият юритиб, ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланаётган тўрткўллик Маъруфжон Ражапбоев табиий газни фильтрлайдиган ускуна ихтиро қилди.

Бу ускунанинг муҳим томони шундаки, ундан газ таъминоти соҳасида кенг қўлланилса, давлат йилига 380 миллиард сўм тежайди.

Барчамизга маълум, табиий газ бир неча босқичда тозаланишига қарамасдан, истеъмолчиларга етиб боргунга қадар газ қувурлари ички томони емирилиши оқибатида кераксиз чиқиндилар билан тўлиб боради. Ушбу чиқиндилар бевосита газ ҳисоблагич механизмига келиб тушади. Бу эса механизмнинг бузилишига, табиий газ кўламининг тўғри ҳисобланмаслигига, техник йўқотишлар кўпайишига, эгаси аниқланмаган нореал қарздорликнинг ортиб кетишига олиб келади.

Мамлакатимиз бўйича 4 миллиондан ортиқ газ ҳисоблагичнинг техник йўқотишини кунига тахминан 1 метр кубга камайтириш натижасида эгаси аниқланмаган газнинг сарфланиш миқдори ойига 120 миллион метр кубни, йилига 1 минг 440 миллион метр кубни ташкил этади. Натижада нореал қарздорликни 380 миллиард сўмга камайтириш мумкин бўлади.

Тўрткўл туманида жойлашган «Safety filtr» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган табиий газни фильтрлайдиган ушбу ускунага Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва «Ўзстандарт» агентлигининг мувофиқлик сертификати ҳамда Россия Федерацияси «Роспатент» агентлигининг патенти берилди.

Ҳозир табиий газни фильтрлайдиган бу қурилма Тўрткўл туманида газ захирасидан самарали ва тежамли фойдаланишга хизмат қилмоқда.

 

 

Мийригул Пирназарова, ЎзА