Замон билан ҳамнафас…

2021 йил 4 июнь. Шу куни пойтахтдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Йиғилишда ташкилий масала кўрилиб, конференция иштирокчилари таниқли журналист ва ҳуқуқшунос Олимжон Ўсаровни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг янги раҳбари этиб сайлади.

Мана, орадан бир йил ўтди, демак, сарҳисоб қилиш палласи ҳам етиб келди. Хўш, шу давр мобайнида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров раҳбарлигида қандай ишлар амалга оширилди?

Келинг, сарҳисобдан олдин «Мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрлидир», деганларидек, аввало, уюшманинг кечаги кунига назар ташлайлик. Очиғини айтиш керак, неча ўн йиллар давомида уюшма ўз олдига қўйган мақсадларни тўлақонли бажара олмади, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор эди, албатта. Уюшма номланишидаги каби журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи, уларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватловчи, ёш кадрларнинг малакасини оширишга кўмаклашувчи эмас, шунчаки ижодий ташкилотга айланиб қолганди.

Бугун бемалол айта оламиз: Олимжон Ўсаров раҳбарлигида уюшма журналистларнинг яқин ҳамкори, маслаҳатчисига айланиб бормоқда. Шу билан бир қаторда, ташкилот — соҳа ривожига, миллий оммавий ахборот воситалари равнақига кўмак бериш ва сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшиш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, журналистларнинг касбий маҳорати, интеллектуал савиясини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаётидаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Энг асосийси, юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларга, ОАВ ёки журналистлар фаолиятига доир масалаларга уюшма томонидан тезкор муносабат билдириш амалиёти шаклланди.

Уюшманинг вилоятлардаги бўлимлари фаолияти жонланди. Кечагина янги, ёш раисга ишонқирамай қараганлар бугун ўзлари иш маромини ўзгартиришга, фаолроқ бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Аниқ мисолларга тўхталиб ўтсак, Миллий матбуот марказида уюшма раисининг ОАВ ходимлари билан учрашувлар ўтказиб бориши анъанавийлик касб этди. Учрашувларда уюшма томонидан бажарилган ишлар ва истиқболдаги режалар, лойиҳа-дастурлар ҳақида батафсил маълумот берилмоқда, муҳокама қилинмоқда.

Журналистлар билан яқиндан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммолар билан бирга таклифлари, мурожаатларини ҳам атрофлича ўрганишга киришилди.

Шу мақсадда журналистлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун уюшма раиси алоҳида @jurnalist_uz_bot каналини ишга туширди.

Яна бир муҳим жиҳати, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида меморандум имзоланди. «Замонавий масс-медианинг долзарб муаммолари» мавзусида республика илмий-амалий конференциясида миллий журналистикамиз олдида турган муҳим масалалар муҳокама этилди. Хўш, меморандумдан кўзланган мақсад нима? Биринчидан, назария қачонки амалиёт билан чамбарчас боғланганидагина салоҳиятли кадрлар етишиб чиқади. Уюшма талабаларнинг таҳририятларда намунали амалиёт ўташи, тажриба ошириши учун «Устоз-шогирд» анъаналарини тиклаш масалаларини ўз зиммасига олди. Таниқли, тажрибали журналистларнинг маҳорат мактаблари ташкил этилди. Иккинчидан, университет профессор-ўқитувчиларининг фақат назарияга боғланиб қолмасдан, амалиётда учраётган масалаларни ҳам илмий жиҳатдан асослаб, таҳлил қилиб беришига имкон яратилди.

Бундан кўриниб турибдики, уюшма ва университетнинг яқин ҳамкорлиги миллий журналистикамиз равнақи йўлида хизмат қилади.

Дарҳақиқат, уюшма оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, соҳага профессионал кадрларни етказиб бериш борасида ўз олдига катта мақсадларни қўймоқда. Журналистларни ҳам, блогерларни ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлишга даъват этмоқда.

Зеро, сўнгги йилларда миллий журналистика соҳасида рўй берган ўзгариш ва янгиланишларни илгари тасаввур этиб бўлмасди. Айни пайтда соҳа ва унинг вакилларига кенг эркинликлар берилиши журналистлардан замон билан ҳамнафас бўлиш, бир қадам олдинда юришни тақозо этади.

ЙИГИРМА ЙИЛДАН СЎНГ…

Уюшма фаолияти жонланиши билан узоқ йиллардан буён журналистларни қийнаб келаётган аъзолик масаласи ҳам ҳал этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси 1957 йилда ташкил топган бўлса, ўтган йиллар мобайнида 20 мингга яқин журналист аъзоликка қабул қилинган. Аммо маълум сабабларга кўра, 2001 йилдан бошлаб аъзолик тўхтатилган. Уюшманинг 2019 йил июль ойидаги конференциясида аъзоликка қабул қайта тиклангач, аъзолик гувоҳномаси, кўкрак нишонлари янгидан тайёрланади. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу жараён яна тўхтаб қолади.

Тасаввур қиляпсизми, 20 йил деганда янги аъзоларни қабул қилиш жараёни бошланди. Уюшма раиси сайлангач, дастлаб «Овози тожик» ва «Нурли жол» газеталари таҳририятига бориб, ходимларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳар иккала жамоага замонавий компьютер тўпламлари совға қилинди ҳамда энг фаол таҳририятнинг журналистларига Уюшмага аъзолик билети ва кўкрак нишони тантанали вазиятда топширилди.

Ўтган қисқа давр ичида уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирганлар сезиларли кўпайди. 2021 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри бўйича 160 нафар, бу йил 61 нафар энг фаол журналистлар Уюшма аъзолигига қабул қилинди. Уларга аъзолик гувоҳномалари ва кўкрак нишонлари уюшма ҳудудий бўлимлари томонидан ташкил этилган тадбирларда тантанали равишда топширилмоқда.

Уюшмага аъзо бўлиш истагини билдирган журналистлар учун Jurnalistlar.uz веб-сайтида барча маълумотлар жойлаштирилди.

ФАХРИЙ ЖУРНАЛИСТЛАР ДОИМ ЭЪТИБОРДА

Янги раис иш бошлагач, матбуот соҳасида узоқ йиллар фаолият олиб борган, айни пайтда кексалик гаштини сураётган фахрий журналистларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, таваллуд айём ва юбилейларини тантанали равишда ўтказиш, шунингдек, устозларнинг бой ҳаётий тажрибасини ўрганишга ҳам уюшма томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Республикамизнинг чекка туманларида истиқомат қилаётган фахрий журналистлар ҳам бундан мустасно эмас.

Хусусан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Навоий вилоятига сафари чоғида фахрий журналист Одил Ҳотамов хонадонига кутилмаганда кириб борди. Бу ҳолат устознинг кўнглини тоғдек кўтариб, соҳа фахрийсига бир олам хурсандчилик улашди.

Шунингдек, Ӯзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ӯсаров иштирокида Фарғонада ўтказилган тадбир давомида бир гуруҳ фахрий журналистлар уюшма аъзолигига қабул қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими томонидан жорий йилда «Фахрийлар доимо эътиборимизда» лойиҳаси доирасида 8 нафар фахрий журналистнинг юбилейи тантанали равишда нишонланди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда “Salomatlik” газетаси таҳририяти ташаббускорлигида Навоий вилоятида илк бор фахрий ва тажрибали журналист Иброҳим Жумаевнинг маҳорат мактаби фаолиятини бошлади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 100 нафар фахрий журналистлар 2022 йил учун “Hurriyat” газетасига уюшма ҳисобидан обуна қилинди.

Уюшма томонидан фахрий журналистларнинг нашр этилган китоблари тақдимотини ўтказиш ҳам яхши анъанага айланди.

«ЎЗБEКИСТОН МАТБУОТИ» ВА «МУШТУМ» ҚАЙТА ТИКЛАНДИ

Биз ўзбек матбуоти катта ва шонли йўлни босиб ўтгани билан ҳамиша фахрланамиз. Аммо бир асрдан ортиқ вақт мобайнида зиёлиларга ҳамроҳ бўлган, журналист ва матбаачиларни бирлаштирган, уларга муносиб минбар бўла олган «Ўзбекистон матбуоти» журнали қарийб икки йил чоп этилмай қолганди.

Дастлаб 2018 йилнинг 15 июлида «Туркистон матбаачиси» («Туркестанский печатник») номи билан ўзбек ва рус тилларида яхлит ҳолда бир ойда икки марта нашр этилган журнал кейинчалик «Мухбирлар йўлдоши» номи билан чоп этила бошлаган. Гарчи кейин ҳам номланиши кўп бора ўзгартирилган бўлса-да, журналистларнинг яқин ҳамроҳи бўлишда давом этади.

1991 йил январдан журнал яна «Ўзбекистон матбуоти» (1965-1968 йилларда ҳам шундай номланган) номи билан нашр қилинди. Демак, 100 йилдан ортиқ вақт мобайнида турли даврлар ва эврилишлар аро турли номларда бўлса-да, журнал ўзбек матбуоти ва матбаачилиги вакилларига, оддий мухбирдан тортиб, маҳоратли журналист ва малакали ноширлар, радио ва телевидение ходимларига яқин ҳамфикр, ҳамсуҳбат, кези келганда, устоз вазифасини бажариб келди.

Икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ҳамкорлар саъй-ҳаракати билан «Ўзбекистон матбуоти» яна чин маънода ҳаётга қайтди, қайта нашр қилина бошлади. Журналнинг тақдимот маросими нафақат маҳаллий матбуотда, балки хорижий ОАВ, хусусан, Туркия, Озарбайжон телеканалларида кенг ёритилди.

Кулгисевар халқимизга салкам бир асрдан буён табассум улашиб келган «Муштум» журналининг фаолияти ҳам сўнгги йилларда тўхтаб қолганди. Бу журналга маърифатпарвар жадид боболаримиз асос солиб, 1923 йилдан нашр қилина бошлаган. Юзлаб танқидий мақолалар, фельетонлар жамиятни турли иллатлардан тозалашда «Муштум»нинг асосий қуроли ҳисобланган.

Ўз вақтида «Муштум» журнали бир ойда икки марта чоп этилган, бир ойлик умумий тиражи 1 500 000 дан ошиқни ташкил этган. Ўзбекистонда деярли бу журнал кириб бормаган шаҳар, қишлоқ, туманни, ташкилот ва хонадонни топиш қийин эди.

Сўнгги йилларда «Муштум» журнали таҳририяти иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолишининг маълум сабаблари бор, албатта. Унинг моддий-техника базаси, кадрлар салоҳияти замонавий талаблар даражасида қайта шакллантирилмади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва ташаббускорлар кўмаги билан «Муштум» журнали чоп этила бошланди ва яна халқимизга табассум улашишга киришди.

«ЖУРНАЛИСТЛАР БОҒИ»НИ ЯРАТИШ ТАШАББУСИ

Президентимиз раислигида 2021 йилнинг 2 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш ва шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ошириш юзасидан дарахт экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик» эълон қилинди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида «Журналистлар боғи»ни яратиш ташаббуси билан чиқди.

Бу ташаббус қатор оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланди. 2021 йилнинг 14 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Боғишамол» кўчаси бўйлаб кўчат экиш тадбири уюшқоқлик билан ўтказилди. Унда пойтахтдаги барча таҳририятлар вакиллари, журналист кадрлар тайёрловчи олий таълим даргоҳлари профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар фаол иштирок этишди. Кейинчалик бу тадбирлар Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Қорақалпоғистон Республикасида давом эттирилди ва вилоятларда ҳам «Журналистлар боғи» ташкил этилди.

МEДИАФОРУМЛАР ВА ТАРАҚҚИЁТГА ДАХЛДОРЛИК ТУЙҒУСИ

Жорий йилнинг 25-30 март кунлари Навоий вилоятида ўтказилган «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» мавзусидаги I республика медиафорумида Янги Ўзбекистон медиамаконида миллий журналистика анъаналари ва замонавийлик тамойилларини уйғунлаштириш муҳокама марказида бўлди. Мазкур медиафорумда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 26 июнда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтириш, тажриба алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида ҳудудларда минтақавий семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси олдига қўйилган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур медиафорумда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлардан 102 нафар ОАВ вакили иштирок этди ва телевидение, радио, матбуот ва интернет нашрлари тўлиқ қамраб олинди. Таъкидлаш жоизки, шу пайтгача Уюшма томонидан бундай кенг кўламли медиафорум ўтказилмаганди.

Хабарингиз бор, ўтган йили Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан бир қатор ташаббуслар, яъни миллий медиа маконимизга дадил кириб келаётган ёш журналистлар, блогерлар, ахборот тизимлари ходимлари иштирокида «Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида «Ўзбекистон журналистика мактаби: ижодий мерос ва анъаналар», «Жамият ва оммавий ахборот воситалари», «Журналистика одоби» каби мавзуларда давра суҳбатлари ва маҳорат дарслари, ижодий танловлар уюштиришга доир таклифлар илгари сурилганди.

Бундай тадбирлар журналистларнинг назарий билим ва маҳоратини ошириш билан бирга, бугунги глобаллашув ва ахборотлашган жамият шароитида журналистлар олдига қўйилаётган талаблар ва тамойиллардан воқиф бўлиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини бермоқда. Уларни бир эзгу мақсад йўлида жипслаштиради.

Фарғона туманининг «Чимён» сиҳатгоҳида ташкил этилган «Жамият ва оммавий ахборот воситалари» мавзусидаги анъанавий Х Чимён медиафоруми ҳам бунга бир мисол бўлади.

Медиафорум доирасида ўтказилган тадбирларда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов, «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор Қувондиқ Санақулов иштирок этгани мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган медиа соҳаси вакилларига, журналистларга кўплаб саволларга жавоб олиш имконини берди.

Ҳар жиҳатдан юксак савияда ташкил этилган ушбу медиафорумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, уюшманинг Самарқанд вилояти бўлими раиси Фармон Тошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, таниқли журналист Расул Кушербоев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, ЎзММА Бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собир Шукуров, «Халқ сўзи» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборов, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, “Ishonch”—“Ishonch-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, “XXI asr” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалилов, “Hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов, Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти профессори Муҳаммаджон Қуронов сингари эл таниган ижодкорлар соҳа истиқболига оид долзарб мавзулардаги маърузалари билан иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар билан кенг жамоатчиликни янада яқинроқ таништириш мақсадида шу йилнинг 30-31 май кунлари «Янгиланаётган Жиззах – журналистлар нигоҳида» мавзусидаги халқаро медиатурда юртимизнинг марказий нашрлари ҳамда 15 нафар хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Халқаро медиафорум Жиззахнинг суюкли фарзандлари Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилишдан бошланди. Халқаро медиатур таассуротлари деярли ҳар куни «ТАСС» мухбири Валерий Бирюков (Россия), «АзерТадж» мухбири Гулу Казимов (Озарбайжон), «Рейтер» мухбири Муҳаммадшариф Маматқулов (Буюк Британия), «Анадолу» мухбири Бахтиёр Абдукаримов (Туркия), «Фарснюс» мухбири Шерали Авезметов (Эрон), «ТРТ» телеканалининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Низам Шаҳин (Туркия), «Фергана.ру» мухбири Андрей Кудряшов (Россия), «Жумҳурият» газетаси мухбири Мирасрор Аҳроров (Тожикистон), «Регнум» мухбири Ниёзматов Абу Али (Россия), «Орзу ТВ» журналистлари Саид Санжар Барлос, Абид Аҳмад Басир (Афғонистон) томонидан кенг ёритилиб борилди.

Бир сўз билан айтганда, «Янгиланаётган Жиззах — журналистлар нигоҳида» мавзусидаги халқаро медиатур юқори савияда ва таассуротларга бой кечди.

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси хорижий мамлакатлардаги журналистлар уюшмалари билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар медиа тузилмалари вакиллари иштирокида Тошкентда халқаро форум ўтказишни режалаштирган.

Шу ўринда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва Халқаро матбуот институти Озарбайжон миллий қўмитаси раиси Умуд Мирзаевнинг учрашувини алоҳида эслаб ўтиш жоиз. Мулоқотда икки давлат журналистлари ўртасида ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш келишиб олинди.

Россия Федерацияси «ЕвроМедиа» халқаро нашриёт уйи ҳокимият органлари билан алоқалар департаменти директори Галина Амирова, «МедиаЮг» нашриёт уйи ижрочи директори Владимир Денисовнинг таклифига кўра, 2021 йил 27 октябрь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ҳам самарали бўлди.

Бундан ташқари, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ҳиндистон журналистлари уюшмалари билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш, Хитой, Жанубий Корея, Россия журналистлари уюшмалари билан келишилган ҳолда бир гуруҳ журналистларни шу давлатларга хизмат сафарига юбориш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси журналист кадрлар салоҳиятини ошириш, уларни замон талабларига жавоб берадиган профессионал даражага олиб чиқиш мақсадида ташкил этилади.

Бугунги кунда юртимизда кўплаб хорижлик журналистлар фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз ОАВларининг ҳам чет элларда мухбирлик пунктларини очиш вақти келди.

2022 йил 7 май куни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбир мазкур ҳамкорлик масаласига бағишланди. Анжуманда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Тожикистон Журналистлари иттифоқи томонидан бир гуруҳ журналистларга аъзолик гувоҳномалари ҳамда кўкрак нишонлари топширилди.

«АТИРГУЛ» — ЖУРНАЛИСТ АЁЛЛАРГА МУНОСИБ ТУҲФА

Бугунги кунда олий ўқув юртларини тамомлаб, журналистика соҳасига кириб келаётган кадрларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, оммавий ахборот воситаларида кўпчилик журналист аёллар хизмат қилаётгани барчага маълум.

Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг «Атиргул» деб номланиши бежиз эмас. Зеро, атиргул тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Журналист аёллар кенгашининг 2021 йил ноябрь ойида ўтказилган йиғилишида уюшма раиси томонидан «Атиргул» танловини қайта тиклаш, мазкур танлов ғолибларини 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида тақдирлаш таклифи билдирилди ва таклиф Кенгаш томонидан қўллаб-қувватланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

«Атиргул» танлови журналист аёлларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадиомаҳсулотлар сифатини яхшилаш, материаллар тайёрлашда фикрлар хилма-хиллиги ва турлича ижодий ёндашувларга самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Мухтасар айтганда, «Атиргул» танловининг қайта тиклангани ва ўтказилгани журналист аёлларга эҳтиромнинг ўзига хос рамзи дейишимиз мумкин.

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ЧОРЛОВЧИ СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан мунтазам спорт мусобақалари ўтказиш йўлга қўйилган.

Шундай мусобақалардан бири 2021 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон бадминтон федерациясига қарашли Бадминтон марказида ташкиллаштирилди. «Янги йилга спорт билан» шиори остида ўтказилган бадминтон мусобақасини Бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бошлаб беришди. Шундан сўнг республикамиздаги етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзаро беллашдилар.

Уюшма ташаббуси билан ОАВ вакиллари ва блогерлар ўртасида 2022 йил 28 январь куни ташкил этилган шахмат бўйича Ўзбекистон биринчилиги мусобақасида интеллектуал спорт тури — шахматни оммавий ахборот воситалари ходимлари орасида оммалаштириш мақсади кўзланган эди. Мазкур мусобақада ҳар бир вилоятдан, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан журналистлар қатнашди.

Мусобақа ғолиблари махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Келажакда Марказий Осиё журналистлари ўртасида шахмат бўйича мусобақа ўтказиш Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси тадбирлар режасига киритилган. Шахмат бўйича Ўзбекистон биринчилиги мусобақасида ғолиб бўлган журналистлар ана шу халқаро мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишган.

Бундан ташқари, яқин ойларда велоспорт ҳамда футбол бўйича журналистлар турнирини ўтказишга ҳам аллақачон тайёргарлик бошланган.

«ОЛТИН ҚАЛАМ» — ЮКСАК РАҒБАТ ВА ЭЪТИРОФ

Биргина ўтган 2021 йили юз нафардан ортиқ журналистлар, матбуот вакиллари давлатимизнинг юксак мукофотлари — орден ва медаллар билан, минг нафарга яқин журналистлар эса «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирлангани ҳам соҳа вакилларига қаратилаётган юксак эътибордан далолат беради.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 2006 йилдан бери ўтказиб келинаётган «Олтин қалам» Миллий мукофоти учун халқаро танлов ҳам мамлакатимизда матбуот эркинлиги, журналистларимизга кўрсатилаётган алоҳида эътиборнинг ёрқин намунасидир.

Бу йил «Олтин қалам» танлови Янги Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнларига монанд кўтаринки руҳда, юксак савияда, 16 марта ўтказилди. Ўтган йиллар давомида мазкур танловда 8 мингга яқин журналист 115 000 га яқин материаллари билан иштирок этган. 350 нафардан зиёд журналист ғолиб ва совриндор бўлган.

Бу йилги танловда 448 нафар журналист 5000 га яқин ижодий иши билан қатнашди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишланган журналистика соҳасида «Олтин қалам» XVI Миллий мукофоти учун халқаро танловнинг ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими «Туркистон» санъат саройида янги руҳда ўтказилди.

УЮШМАНИНГ БEҒАРАЗ ЁРДАМИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни тўлиқ таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 61-сонли қарори ижроси бўйича тасдиқланган йўл харитасида 2022 йил декабрига қадар марказий, маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказилиши белгиланган.

Таҳририятларда турли ёшдаги ходимлар фаолият олиб бораётгани, айрим журналистлар кирилл алифбосида ижод қилиши сабабли бу жараён муайян тайёргарлик кўришни тақозо этади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси сифатида эндигина иш бошлаган Олимжон Ўсаров 2021 июль ойидаёқ «Миллий журналистика: ютуқ ва муаммолар таҳлили» мавзусидаги матбуот анжуманида бу масалага алоҳида эътибор қаратди ва таҳририятлардаги ижодий иш жараёнини лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказишни осонлаштириш учун уларни “Yurida-Orfo” дастури билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Шундан сўнг хайрли ишни амалга ошириш мақсадида “Yurida-Orfo” дастурий таъминоти ишлаб чиқарувчиси бўлган “Yurida Nusa” корхонаси билан ижодий уюшма ўртасида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Журналистларимиз 2021 йил октябрь ойида нишонланган «Ўзбек тили байрами» куни бу имкониятдан илк бор баҳраманд бўлишди. Ўша куни «Медиасаводхонлик: ОАВдаги ютуқ ва камчиликлар таҳлили» мавзусидаги давра суҳбати сўнггида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан кирилл ва лотин алифбосида матнларнинг орфографик бехато ёзилишини таъминлашга мўлжалланган «Yurida-Orfo» дастури сертификатлари бир қатор таҳририятларга беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Хоразм, Андижон, Тошкент, Жиззах вилоятларида фаолият олиб бораётган бир нечта босма нашрлар ҳам «Yurida-Orfo» дастуридан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Таъкидлаш жоизки, “Yurida-Orfo” дастури кирилл ёки лотин алифбосидаги матнларнинг имловий бехато ёзилишини таъминлаш, кириллдаги матнни бир зумда лотин ёзувига ўгириб бериш сингари афзалликлари билан журналистларнинг ишини жуда осонлаштиради.

ХУЛОСА ЎРНИДА…

Мамлакатимизнинг фаол журналистлари ва блогерлари эътирофи асосида таъсис этилган «Йил танлови» анъанавий тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси «Йилнинг энг намунали жамоат ташкилоти» номинацияси бўйича 1-ўринни эгаллагани бежиз эмас. Уюшма жамият ҳаётида ўзининг фаоллигини намоён этиб, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги каби кўплаб давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Бир йил гарчи оз муддат бўлса-да, шу давр мобайнида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан Олимжон Ўсаров раҳбарлигида амалга оширилган ишлар, ижодий ўзгаришлар ҳақида кўп ва хўп гапириш мумкин. Қувонарли жиҳати, уюшма ҳақиқатан ҳам журналистлар ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган ва оммавий ахборот воситалари равнақига кўмаклашадиган ташкилотга айланиб бормоқда.

ЎзА