Президент раислигида ўтказилаётган йиғилишда Кадастр агентлигига йил якунигача 20 та вазирликнинг кадастр маълумотларини Миллий геоахборот тизимига тўлиқ киритиш топширилди.

1 сентябрга қадар 205 та туман ва шаҳарда 253 та махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш режа қилинган.

Ушбу мақсадлар учун ўтган йили республика бюджетидан 1,4 триллион сўм, жорий йилда эса 900 миллиард сўм ажратилди.

Масалан, Жиззах шаҳри Жиззахлик маҳалласидаги боши берк кўча Шароф Рашидов марказий кўчасига боғланиб, 1,4 километр автомобиль йўли, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари барпо этилган. Савдо ва сервис объектларига туну-кун ишлашга рухсат берилган.

Натижада, илгари ушбу ҳудуддаги 1 квадрат метр жой 2-3 миллион сўмга ҳам сотилмаган бўлса, ҳозир нархи 8-9 миллион сўмга етган. Энг муҳими, савдодан тушган маблағларни бошқа кўчаларнинг инфратузилмасини яхшилашга йўналтириш ишлари бошланган.

Вилоят ҳокимларига Жиззах тажрибаси асосида 1 тадан кўчани танлаб, уларни серқатнов кўчаларга улаш орқали сервисни ривожлантириш лойиҳасини бошлаш топширилди.

Йиғилишда йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мисол учун, Бойсундаги Омонхона қишлоғида 1 та сиҳатгоҳ, 3 та меҳмонхона бўлиб, меҳмонларни 190 та хонадон қабул қилади (йилига ўртача 22-25 минг меҳмон келади).

Ушбу қишлоқдаги ҳоким ёрдамчиси меҳмонлар оқимини 100 мингга етказиш бўйича иш бошлаган.

Агар йўл инфратузилмаси яхшиланса, йўл бўйида 200 дан зиёд сервис объекти ва камида мингта иш ўрини пайдо бўлади.

Умуман, 28 та йирик шаҳар, хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори 10 та туманда ишлар янги ёндашувлар асосида ташкил этилади. Бу ҳудудларнинг мастер-режасини ишлаб чиқишга 200 миллиард сўм ажратилади.

Бунда:

– бир ҳафта муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда лойиҳа офислари тузилиб, хорижий консалтинг компаниялари ва экспертлар жалб қилинади;

–лойиҳа офислари бир ой муддатда ушбу туман ва шаҳарлар аҳолиси таклифлари асосида мастер-режани ишлаб чиқади.

Ушбу туман ва шаҳарларга тижорат банклари бириктирилиб, сервис лойиҳаларини молиялаштиришга масъул бўлади

ЎзА