Хитой Халқ Республикаси иқтисодиёти юксак даражада ривожланган, улкан имкониятларга эга давлатлардан бири саналади. Бугунги кунда мамлакатимиз турли соҳаларда Чин диёри билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган.

Жумладан, Буюк ипак йўлидаги Шинжон-Уйғур автоном райони Шарқ билан Ғарбни боғлаган. Маданият, саньат, турли миллатларнинг ўзига хос анъана ва урф-одати яхши сақланган бу ҳудуд айни пайт бутун дунё сайеҳлари учун қизиқарли манзиллардан бирига айланган.

Минтақанинг Или-Қозоқ автоном вилояти бўйлаб ташкил этилган пресс-турда Марказий Осиё давлатларидан йигирмага яқин оммавий ахборот воситаси вакили қатори Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбири ҳам иштирок этмоқда.

Илк манзил – Кулжа туманидаги Казанци фольклор-сайёҳлик зонаси Синьхуа шарқий йўлида, 22,9 квадрат километр майдонда жойлашган. 2007 йил ҳудудни модернизация қилиш ва туризмни ривожлантириш мақсадида юз миллион юандан ортиқ сармоя киритилган.

– Манзарали ҳудудда Цяньлун сулоласи замонидан Хитой Халқ Республикаси тузилган давргача 300 дан зиёд қадимий иншоот, бой маданий меросга эга 20 мингга яқин турар жой – ҳовли мавжуд, – дейди Казанци этно-сайёҳлик маркази директори Ма Ли Йинг. – Тарихий, маданий, туризм ва дам олиш масканлари – Или кўк дарвозаси, Шэньси Даси миллий маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш бўлимида турли миллат вакиллари халқ маданияти, ошпазлик маҳорати, ўзига хос архитектураси акс этган 88 туристик ҳовли, номоддий маданий мерос объекти, ҳунармандлик маҳсулотлари намойиши майдончалари мавжуд. Ҳудудда уч мингдан ортиқ одам иш билан банд қилинган.

Кўп миллатли халқнинг анъана ва урф-одатини сақлаб қолиб, бутун дунёга кўрсатиш мақсадида ўз ҳолича сақлаб қолинган узоқ тарихга эга уй-жойлар турли миллат вакилларининг  яшаш тарзи, миллийлиги, бетакрор меъморчилигини кўз-кўз этади. Мажмуада ўзбек маданияти бўлинмаси ҳам бор. Табиийки, бизнинг эътиборимизни таниқли тарихий шахс Турдиохун Бойнинг ўзбекона безатилган уй-музейи – миллий буюмларимиздан иборат экспозиция тортди.

Ушбу ҳудуддаги уйғур миллати вакилларининг яшаш тарзи – хусусан, тили, урф-одати, саньати, айниқса мусиқаси ўзбеклар кўнглига жуда яқин.

Қайд этиш керак, Буюк ипак йўли шу ўлкадан ҳам ўтгани маҳаллий маданият ривожига самарали таъсир кўрсатган. Қимматбаҳо тошдан буюм ясаш, пахтачилик, ипакчилик, жун, тола ва ипакдан мато, гилам тўқиш, бош кийим тикиш ривожланиб, саньат даражасига чиққан. Сайёҳлар турли миллат вакиллари томонидан қўл меҳнати билан ясалган, тикилган кўплаб бежирим, гўзал маҳсулотларни томоша қилиши, харид қилиши мумкин.

Пресс-тур давомида журналистлар ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан ҳам таништирилди. Хусусан, вилоятнинг етакчи корхонаси – “Yili Yimuxin Dairly Co LTD” сут ишлаб чиқариш корхонасида кунига 500 тоннага яқин сут қайта ишланиб, 30 дан зиёд турдаги маҳсулот тайёрланиб, асосан хорижга экспорт қилинаркан.

Эслатиб ўтамиз, 25 майгача давом этадиган тадбир дастуридан кўплаб қизиқарли объектлар бўйлаб саёҳат, “Хитой (Хоргос) – Марказий Осиё” қўшма медиа офисининг очилиш маросими ўрин олган.

ЎзАни кузатиб боринг.

Гўзал Сатторова, ЎзА

Хитой, Шинжон-Уйғур автоном райони