Президент Шавкат Мирзиёев раислигида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳамда бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча шароитлар яратишга оид видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда фойдаланишдан чиққан ерларни қайта тиклаш ҳам озиқ-овқат етиштиришга қўшимча имконият экани қайд этилди.

– Лекин барча ҳудудларда ҳам ишлар аҳволини қониқарли деб бўлмайди. Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразмда суст кетаяпти, – деди Президент.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ҳокимликлар билан бирга бир ҳафта муддатда 135 минг гектар оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш ва уларда озиқ-овқат маҳсулотларини жойлаштириш ишларини бошлаш вазифаси қўйилди.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун республика бюджетидан 170 миллиард сўм ажратилади.

Томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланиш масаласига тўхталар экан, Президент Фарғона, Наманган, Андижон ва Самарқанддан 600 нафар тажрибали томорқа эгалари Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилоятига бориб, 1,5 мингта маҳаллада аҳоли томорқаларида экинларни тўғри экишни ўргатаётганини мисол қилиб келтирди.

Бу тажрибани 2,5 мингта маҳаллада жорий этиши вазифаси қўйилди.

Аҳоли томорқаларида энг катта муаммо – сув таъминоти бўлаётгани қайд этилди.

– Мисол учун, Қашқадарёдаги 65 минг гектар томорқадан 24 минг гектарида сув муаммо. Бунинг сабаби – туман ҳокимлари сув тармоқларини тиклаш, қудуқлар қазиш, ариқ ва зовурларни тозалаш ишларини вақтида лозим даражада бажармаган, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан мутасаддиларга:

– экин турлари жойлашувидан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларини суғориш учун 4 миллиард куб метр сувни тақсимлаш;

– ҳар бир маҳалла кесимида ариқ очиш, тозалаш, тармоқларни тиклаш бўйича графикни тасдиқлаб, ишларни бошлаш топширилди.

Бу ишлар учун республика бюджетидан 50 миллиард сўм, маҳаллий бюджетлардан яна 50 миллиард сўм йўналтирилади.

Шу билан бирга, Қўшработ, Нуробод, Конимех, Пешку, Чироқчи, Жарқўрғон, Бойсун, Оҳангарон, Ғаллаорол, Фарғона каби туманларда сув таъминоти оғир маҳаллаларда қудуқ қазиш ва насос ўрнатиш харажатларининг бир қисмини қоплашга бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилади.

ЎзА