Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги жаҳоннинг етакчи, нуфузли ва оммабоп ахборот агентликлари, нашрлари билан ҳамкорликка стратегик ҳамда устувор вазифа сифатида қарайди. ЎзА бош директори Абдусаид Кўчимов бу ҳақда Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – WAM мухбирига берган интервьюсида алоҳида таъкидлади.

1976 йилда ташкил этилган WAM БААнинг янгиликларга ихтисослашган бош ахборот органи бўлиб, мамлакат ва жаҳондаги энг муҳим сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларга оид воқеаларни ёритиб боради. Ҳозирги пайтда ушбу агентлик дунёнинг 50 дан зиёд етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилиб келади.

ЎзА раҳбари мазкур нуфузли нашр вакили билан суҳбатда Ўзбекистон кейинги йилларда замонавий медиа майдонни ривожлантиришга юксак эътибор қаратаётгани, бу жараёнда мамлакат ОАВ учун халқаро ижодий ҳамкорлик билан боғлиқ фаолият устуворлик касб этишини қайд этди.

– Фақат сўнгги 5 йил ичида республикада 10 та янги телеканал очилди, 20 дан ортиқ онлайн ахборот манбалари рўйхатдан ўтди. Умуман, шу давр оралиғида Ўзбекистон ОАВ сафи 30 фоиз кенгайди, – дейди А. Кўчимов.

Интервьюда қўшимча қилинишича, Ўзбекистонда айни пайт жами 1962 оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатади, шуларнинг 1232 таси, яъни, тахминан, 63 фоизи нодавлат орган. Ушбу рўйхатдан 39 телестудия ва телеканал, 33 радиостанция ва 557 веб-сайт ўрин олган.

«Биз Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари, шунингдек Озарбайжон ва дунёнинг бошқа турли давлатлари ахборот агентликлари билан шартнома, меморандум ёки битим асосида ахборот алмашиш бўйича шерикликни йўлга қўйганмиз», – дейди ЎзА бош директори БАА Дубай шаҳрига ташрифи доирасида Амирликларнинг WAM агентлиги билан келишув ҳужжатини имзолаш чоғида.

Ўтган ҳафта юз берган ушбу воқеа, яъни Абдусаид Кўчимов ва WAM бош директори Муҳаммад Жалол Ал-Райсий томонидан тасдиқланган ҳамкорлик битими томонларнинг ўзаро хабар ва янгиликлар, таҳлилий материаллар алмашиши, ходимлар ўртасида тажриба ва малака ошириш дастурларида иштирок этишини кўзда тутади.

Жаноб Ал-Райсий WAM хорижий ОАВ билан кенг кўламли шерикликка интилаётганини таъкидларкан, ЎзА вакилларини шу йил ноябрь ойида БААда ўтказилиши режалаштирилган Глобал медиа-конгресс майдонида кўришдан мамнун бўлишини билдирди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги раҳбари жамоа фаолиятини такомиллаштириш истиқболи ҳақида сўз юритиб, «Тўғрисини айтсам, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп», – деди.

Гарчи, бугунги кунда uza.uz сайти араб, рус, француз, инглиз сингари тўққиз тилда маълумот тарқатса-да, бу агентлик учун чегара эмас.

«Мен тез орада Амирликларда ҳам идорамиз очилишидан умидворман. Қолаверса, яқин келажакда Озарбайжон, Туркия, шунингдек Европа ва Америка давлатларида ҳам мухбирлик бўлимлари фаолият бошлайди», – хулоса ясайди ўз фикрига Абдусаид Кўчимов.

Ғ.ХОННАЗАРОВ, ЎзА