Бу ҳақда “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида давом этаётган Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 210 турдаги операциялар ва диагностика жараёнларини маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. Шу билан бирга, 130 турдаги жарроҳлик амалиёти вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.

–Сўнгги беш йилда янги 200 турдаги жарроҳлик амалиёти жорий этилгани, жумладан, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилгани, айниқса, эътиборлидир, – деди давлатимиз раҳбари. – Мисол учун, пойтахтимиз ва ҳудудларда ўтказилган буйрак трансплантацияси орқали шу кунгача 700 га яқин фуқароларимизнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Ҳаммангиз яхши биласиз, авваллари ҳар йили минглаб юртдошларимиз даво истаб чет элга боришга мажбур эди. Тасаввур қилинг, одам ўзи оғир касал бўлса, қанча вақт, қанча маблағ сарфлаганидан ташқари, жонини ҳам хатарга қўйиб, бегона юртларда сарсон бўлиб юрарди.

Эндиликда, яратилган янги шароит ва имкониятлар ҳисобига илгари хорижда бажарилган қиммат операциялар, ўзимизнинг шифокорлар томонидан амалга оширилаётгани катта ютуқ экани қайд этилди.

–Ахир бир одамни дарддан халос қилиб, соғлиғини тикласак, ҳаётга қайтарсак, бу – бутун оиланинг бахтини, келажагини таъминлаш дегани эмасми?  Хабарингиз бор, яқин-яқингача эҳтиёжманд аҳолининг, республика тиббиёт марказларида даволаниши учун “ордер” деган бир эски тизим бор эди. Ушбу “ордерлар” қоғоз шаклида юритилиб, аксарият ҳолларда таниш-билишчилик асосида бериб келингани, ҳеч кимга сир эмас. Биз бундай амалиётдан тўлиқ воз кечиб, эҳтиёжманд аҳоли учун, республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф, янги тизимига ўтдик,– деди Президент. – Энди, ихтисослашган марказларда бепул даволанадиган касалликлар рўйхати шакллантирилиб, тиббий ёрдам учун йўлланма ҳақиқий эҳтиёжи бор аҳолига “электрон навбат” асосида берилмоқда.

 

З.ЖОНИБЕКОВ, ЎзА