15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотлари бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон томонини ғоятда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани, унда Сердар Бердимуҳамедов ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклаб, қардош Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги ишлар давом эттирилишига ишонч билдирилди.

Икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Ўтган йил якунлари бўйича ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари сезиларли даражада ошди. Чегарадош ҳудудлар ва етакчи корхоналар даражасида яқин алоқалар йўлга қўйилди. Саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида аниқ кооперация лойиҳалари илгари сурилмоқда.

Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари парламентлар ўртасидаги фаол мулоқотни, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.