Бундан икки йил олдин украиналиклар худди бошқа мамлакатлардаги каби кундалик ҳаёт ташвиши билан банд эдилар.

Aфсуски, режа ва орзулар 2022 йил 24 февралда авж олган кескинлик туфайли тезда барбод бўлди, кўпчилик уйи, яқинларини ташлаб, бегона мамлакатда янги ҳаёт қуришга мажбур бўлди. Ўн мингдан зиёд украин қўшни Польшадан паноҳ топди, баъзилари Европа давлатларида қочқин мақомида яшаяпти.

Россия – Украина зиддияти оқибатида миллионлаб одам жабр кўришидан ташқари, кўплаб давлатларда юзага келган ижтимоий-иқтисодий муаммолар сабаб норозилик намойишлари кучаймоқда. Айниқса, кўҳна қитъада вазият кескинлашаётгани айтилмоқда.

Низонинг 731-куни асосий воқеаларига эътибор қаратамиз.

Италия, Канада ва Бельгия Бош вазирлари Жоржа Мелони, Жастин Трюдо ва Aлександр Де Кру ҳамда Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен бирдамлик намойиши сифатида қўшни Польшадан поездда Украина пойтахтига етиб келишди. Улар Украинанинг “фавқулодда қаршилигини” олқишламоқда.

Урушнинг икки йиллиги муносабати билан Қўшма Штатлар Россияга алоқадор 500 дан ортиқ компанияга қарши санкция эълон қилди ва 100 га яқин субъектга нисбатан янги экспорт чеклови киритди.

ЕИ 200 га яқин юридик ва жисмоний шахсни “persona non grata” сифатида баҳолаб, Россияга қарши 13 санкция пакетини эълон қилди.

Бирлашган Қироллик ўтган ҳафта россиялик мухолифатчи Aлексей Навальний сирли шароитда ҳалок бўлган жазо колониясини назорат қилувчи олти нафар амалдорга нисбатан санкция киритди.

Мелони ва Трюдо Президент Зеленский билан бирга яқинда Франция ва Германия иштирокида эришилган миллиардлаб долларлик келишувга мувофиқ, хавфсизлик бўйича шартнома имзолаши кутилмоқда.

AҚШ Президенти Жо Байден Мелони раислик қиладиган “Еттилик” гуруҳи (G7) – йирик демократик давлатлар етакчилари видеоконференция суҳбатида иштирок этиши ва Зеленскийни ҳам таклиф қилиши кутиляпти.

Германия канцлери Олаф Шольц Европани мудофаа масаласида кўпроқ ҳаракат қилишга чақирди. “Россия нафақат Украинага ҳужум қиляпти, балки Европада ҳам осойишталикни бузяпти”, деди у ва ГФР Украинани мунтазам қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, низонинг икки йили давомида 14 миллиондан кўп одам – Украина аҳолисининг учдан бир қисми уйини ташлаб кетган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқи мониторинги миссияси уруш бошлангандан бери камида 10 мингдан зиёд бегуноҳ аҳоли вакили ҳалок бўлгани, 20 мингга яқин одам яраланганини маълум қилди.

Швейцария БМТга шу йил ёзгача Украина бўйича юқори даражадаги тинчлик конференциясини ташкил этиш ниятини билдирди.

Қаҳратон фронт, уриб туширилган “А-50” ва ҳужумга учраган Одесса

Путин таъкидлашича, Россия стратегик ядровий кучларининг 95 фоизи модернизация қилинган, Ҳарбий ҳаво кучларига тўртта янги, товушдан тез учадиган ядровий бомбардимончи самолёт етказиб берилган.

Украина Ҳарбий ҳаво кучлари Aзов денгизи узра Россиянинг кам учрайдиган жосуслик самолёти “A-50” уриб туширилганини маълум қилди.

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳарбий ҳаракатда иштирок этаётган рус қўшинлари ҳузурига борди. Айтишларича, рус жангчилари Aвдеевка саноат марказини тўлиқ назоратга олган.

Украина шимоли-шарқидаги Суми вилоятига 28 марта ҳужум уюштирилган. Бу ҳақда “Kyiv Independent” газетаси маҳаллий ҳокимиятга таяниб хабар берди.

Одесса шаҳрида учувчисиз қурилмалар ҳужуми оқибатида камида бир киши ҳалок бўлди, уч киши яраланди, деб ёзди вилоят губернатори Олег Кипер ижтимоий тармоқда.

Маҳаллий расмийларга кўра, Донецк вилояти Мирноград шаҳрида ҳам бир фуқаро, Днепрда икки бегуноҳ фуқаро жон берган.

Байден республикачилар назоратидаги Вакиллар палатасида қонунчиларни Украинага ажратилган, айни пайт музлатилган 60 миллиард долларни тақиқдан ечишга чақириб, “Украинани ҳозир қўллаб-қувватламаслик унутилмаслиги”дан огоҳлантирди.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзA