Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида шундай шиор остида ёшлар фестивали ташкил этилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан ўтказилган фестивалда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар, сиёсатчилар, санъат намояндалари, ёшлар иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О.Ҳамроев ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида жисмонан соғлом, маънан етук авлодни камолга етказишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Юртимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ислоҳотлар жараёнида ёшлар фаоллигини ошириш, келажак авлодни турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш, ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларда дахлдорлик туйғусини юксалтириш мақсадида ўтказилган фестивалда тумандаги умумтаьлим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари иштирок этди.

– Қарийб 16 минг ёшлар қатнашган фестиваль доирасида таниқли ижодкорлар, машҳур спортчилар, маданият намояндалари, сенатор ва депутатлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари таассуротларга бой бўлди, – дейди Тўрткўл тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Азимбой Сафаров. – “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳалари доирасида имконияти чекланган ёшларга, нуронийларга ижтимоий кўмак берилди.

Туман марказидаги стадионда фестивалнинг адабий, мусиқий-хореографик театрлаштирилган байрам томошалари бўлиб ўтди.

Бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида ҳам ўтказилмоқда.