Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабининг навбатдаги битирувчиларига сертификатлар топширишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги масъул офицерлари, мазкур таълим муассасаси ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, жамоатчилик вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондони Л.Бузруков, Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактаби бошлиғи Ш.Усмонов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ички вазифалар қўшинлари корпуси қўмондони Х.Ботиров ва бошқалар мамлакатимиз мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, миллий армиямиз учун малакали кадрлар тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Бугунги кунда олий ҳарбий таълим муассасалари ҳамда сержантлар тайёрлаш мактабларида ўқитишнинг энг замонавий шакл ва усуллари ахборот-коммуникация ва компьютер технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Профессионал малака ва интеллектуал салоҳиятни юксалтиришга хизмат қиладиган, билимдон, ҳар қандай вазиятда тезкор, мустақил ва тўғри қарор қабул қила оладиган етук кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизими йўлга қўйилган.

Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабида ҳарбий хизматчиларнинг замонавий таълим олиши, спорт билан шуғулланиши ва дам олиши учун барча шароит яратилган.

– Тошкент ҳарбий округи сержантлар тайёрлаш мактабида Қуролли Кучларимизга 18 мутахассислик бўйича етук, малакали сержант кадрлар тайёрлаб берилмоқда, – дейди подполковник А.Турдиев. – Таълим муассасамиз шахсий таркиби сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир, профессионал сержантларнинг малакасини оширишдек масъулиятли ва шарафли вазифани аъло даражада бажариб келмоқда.

Ўтган йилларда мазкур муассаса битирувчиларидан кўпчилиги турли давлат мукофотлари билан тақдирлангани, Ўзбекистон Қуролли Кучлари миқёсида ўтказиб келинаётган “Энг илғор сержантлар тайёрлаш мактаби” кўрик-танловида мазкур мактаб кетма-кет тўрт марта ғолибликни қўлга киритгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

– Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни танлаган инсон зиммасидаги масъулият юки нечоғли залворли эканини яхши билади, – дейди битирувчи, кичик сержант Ш.Тиллабоев. – Сержантлар тайёрлаш мактабини битирганлик ҳақидаги сертификатни қўлимга олар эканман, бу масъулиятни янада теран ҳис этдим. Бу ерда ўрганганларимни, бор куч-ғайратимни халқимизга, Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга, Ватанимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий қудратини янада мустаҳкамлаш ҳамда юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга бағишлайман.

Ватан, тинчлик ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки кайфият бағишлади.