Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида 29 декабрь куни “Президент арчаси” тантаналари бошланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу байрам тадбирига пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари, кам таъминланган оилалар, юртимиз тинчлиги ва барқарорлигини асраш йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари, турли муваффақиятларга эришиб тенгдошларига ўрнак бўлаётган болалар таклиф этилди. 

Юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган, соғлом, юксак маънавиятли, шижоатли ва ташаббускор, замонавий билим, ўз мустақил фикрига эга ёш авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада амалга оширилаётган чуқур ва изчил ислоҳотлар ўз самараларини бераётир.

1.jpg

Истеъдодли ўғил-қизлар ҳар соҳада ўз билим ва маҳоратини намойиш этиб, энг ривожланган мамлакатлардаги тенгдошлари билан беллашиб, ўзини муносиб намоён этаётгани бунинг исботидир.

Бу йил байрам тадбирларига барча вилоятлардан турли танловларда фаол иштирок этган ўқувчи-ёшлар таклиф этилган. Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 24-мусиқа ва тасвирий санъатга ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синф ўқувчиси Шоҳруҳ Шерниёзов улардан бири. У республика ва халқаро фестиваль, кўрик-танловларда совринли ўринларни эгаллаган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан истеъдодли ёшлар учун Туркманистоннинг “Аваза” сайёҳлик марказида ташкил этилган оромгоҳда ҳордиқ чиқариши билан бирга, қўшни мамлакат ёшларига Хоразм қўшиқларини ўрганишида яқиндан кўмак берган ёшлардан. Пойтахтимизда ўтказилаётган ушбу байрам тантаналарида қатнашаётганидан жуда хурсанд.

– Вилоятимизда ҳам бу каби байрам тадбирлари ташкил этилади, – дейди Шоҳруҳ. – Аммо пойтахтимиздаги асосий тантаналарга таклиф этишгани мен учун кутилмаган совға бўлди. Бундан сўнг ҳам аъло баҳоларга ўқишга, ўз устимда янаям кўпроқ ишлаб, муваффақиятларга эришишга сўз бераман.

37.JPG

Юртимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар, имконияти чекланган болалар манфаатларини ҳимоялаш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир. Айни байрам кунларида жойларда ташкил этилаётган эзгу амаллар, хайрли чора-тадбирлар уларнинг кайфиятини кўтариб, жамиятда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Яқинда мактабимиз ва уйимизда ҳам шундай байрам ўтказилган эди, – дейди пойтахтимиздаги 22-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси, 128-умумтаълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Бону Раҳимова. – Лекин бу байрам менга кўпроқ ёқди. Президентимизнинг совғасини олдим. Унда аъло баҳоларга ўқишимда зарур бўлган ўқув қуроллари бор экан.

…“Туркистон” санъат саройининг байрамона безатилган фойесида чироқли безакларга бурканган арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз болажонларни рақсга чорлайди. Турли эртак қаҳрамонлари, уй ва ўрмон ҳайвонлари либосидаги қаҳрамонлар турли топишмоқ, тез айтишлар, шеърлар айтаётган ўғил-қизларни совға олишга ундайди. Уларнинг бу томошаси эстрада хонандалари ва спорт усталарининг чиқишларига уланади.

– Ота-она учун фарзанди юзидаги қувонч, улар эришаётган муваффақиятларни, камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ, – дейди Олмазор туманидаги Шифокорлар маҳалласида яшовчи Умида Султонова. – Биз давлатимиз, халқимиз меҳр-эътиборидан баҳраманд бўлаётган бахтли оналармиз.

42.JPG

Бир-биридан қизиқарли, мўъжизаларга бой саҳна кўринишлари, кичкинтойлар иштирокидаги турли ўйинлар, савол-жавоблар топқир, зийрак, билимдон болажонларнинг билимларини синовдан ўтказиш билан бирга, уларни ҳайратлантирмоқда.

Кичкинтойлар учун байрам шодиёналари «Томоша» болалар мусиқий театр-студияси томонидан тайёрланган «Мўъжизалар бор экан» театрлаштирилган мусиқий дастури билан давом этди. Мазкур дастур ўғил-қизларнинг дунёқарашини кенгайтириш, салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Болаларга Президентимизнинг Янги йил совғалари топширилди.

Байрам тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

 

Барно Мелиқулова, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА